Қозоғистонда «НеМолчи» Telegram-каналининг қалбаки нусхаси аниқланди: унда KazTAG бош муҳаррири ҳақида ёлғон маълумот тарқатилган

exclusive.kz коллажи

Қозоғистон ОАВларининг клон-сайтларини яратувчилар янги босқичга чиқишди — фойдаланувчилар «НеМолчи» жамғармасининг Telegram-канали клонини аниқладилар. У орқали KazTAG бош муҳаррири Амир Касенов ҳақида сохта хабар тарқатилмоқда. Унга ҳаволалар фойдаланувчиларга Ulysmedia нашри материаллари сифатида юборилмоқда. Фейк канал пайдо бўлгани ҳақида «НеМолчи» жамғармаси асосчиси Динара Смаилова маълум қилди.

Аввалроқ бу схемага Exclusive.kz нашри эътибор қаратган эди. Унинг маълумотларига кўра, сохта хабарга ҳаволалар бир неча ҳафтадан бери тарқатилмоқда.

Клон-канал ташқи кўриниши жиҳатидан «НеМолчи» жамғармасининг расмий Telegram-ресурсини тўлиқ тақлид қилади. Унда Амир Касеновга нисбатан шахсий тусдаги айбловлар, жумладан, унинг рафиқаси Айгуль билан боғлиқ маълумотлар келтирилган материал жойлаштирилган. Шу билан бирга, гўё Ulysmedia номидан тарқатилган ушбу материал аслида мазкур нашр томонидан эълон қилинмаган. Тарқатмаларда Ulysmedia логотипи ҳамда унинг асосчиси ва бош муҳаррири Самал Ибраеванинг исмидан фойдаланилган.

«НеМолчи»нинг клон-каналида KazTAG бош муҳаррири ҳақидаги бир хил сохта материал тўрт марта — 31 август, 6, 7 ва 12 сентябрь кунлари жойлаштирилган. Клон-канал обуначилари сони ҳам сунъий равишда қарийб 12 мингтага етказилган — бу жамғарманинг ҳақиқий каналидаги кўрсаткичга яқин. 18 сентябрдан кейин унда янги материаллар пайдо бўлмаган. Бироқ, аввал жойлаштирилган сохта материалларга ҳаволалар шахсий хабарлар ва очиқ чатлар орқали тарқатилишда давом этмоқда.

Бунга ўхшаш схема аввал «Ақ жол» партиясининг собиқ раиси Азат Перуашевга нисбатан ҳам қўлланганди. Номаълум шахслар Exclusive.kz сайтининг учта клон-сайтини, кейин «Власть» нашри сайтининг нусхасини ва NEGE Telegram-каналининг клон-версиясини яратишган.

Барча ҳолатларда ҳақиқий ОАВ материаллари ниқоби остида мазкур нашрлар таҳририятлари томонидан эълон қилинмаган материаллар тарқатилган.

23 сентябрь куни Exclusive.kz Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси, прокуратура, Маданият ва ахборот вазирлиги, шунингдек, Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига мурожаат қилиб, юз бераётган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, сохта ресурсларга киришни чеклаш ва уларни яратишга алоқадор шахсларни аниқлашни сўради.

30 сентябрь куни Перуашев ҳақида сохта материаллар яратилиши факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ