Украина фуқароси Любовь Рожанская 1 октябрь куни Остона аэропортида Россия сўровига асосан қўлга олинди. Сўров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали юборилган, деб ёзади Deutsche Welle қўлга олинган фуқаронинг адвокати Алексей Прянишниковга таяниб.
Маълумотни Остона адвокати Риза Нурбаева ҳам тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Рожанская Истанбулдан учиб келганидан сўнг чегара назорати вақтида қўлга олинган. Ҳозир у Остонадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Яқин уч кун ичида унинг кейинчалик ҳибсда сақланиши масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Рожанская Украина фуқароси ҳисобланади. Нурбаеванинг сўзларига кўра, уни Россияга топшириш эҳтимоли мавжуд. У ерда аёлга нисбатан болани ўғирлашга уриниш билан боғлиқ жиноий иш қўзғатилган.
Прянишниковнинг айтишича, Рожанская Остонага Россиядан унга топширилиши керак бўлган набираси учун борган.
Бу воқеа 2021 йилда бошланган. 2018 йилда туғилган фарзанди билан Одессада яшаган украиналик Алла Андреева Россия фуқароси бўлган иккинчи эрининг оиласи олдига Калининград вилоятига боласи билан борган ва ўша ерда қолган.
Тўлиқ кўламли уруш бошланганидан сўнг, 2022 йил март ойида Андреева Россия Ички ишлар вазирлигига ўзи ва фарзанди учун Украина фуқаролигидан воз кечиш ҳақида ариза берган. Ўша йили улар Россия фуқаролигини олган.
2025 йил март ойида Украина Олий суди боланинг отаси томонидан берилган даъвони кўриб чиқиб, боланинг яшаш жойи унинг Украина фуқароси бўлган отаси яшайдиган Одесса шаҳри эканини белгилаган.
Прянишниковнинг сўзларига кўра, 2026 йил июль ойида Андрееванинг янги эри Виталий Андреев ва бола қарамоғида бўлган унинг отаси Вячеслав Рожанская билан боғланиб, болани унинг украиналик отаси ва бувисига топширишни таклиф қилган.
27 август куни томонлар болани топшириш масаласи бўйича музокаралар олиб борган. Адвокатнинг таъкидлашича, бу вақтга келиб Калининград Марказий туман суди Рожанскаяга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган.
Россия томони КХШТ линияси орқали экстрадиция жараёни доирасида юборган ҳужжатларда келтирилган маълумотларга кўра, айни пайтда Калининград вилояти бўйича ФХХ тергов бўлинмалари Рожанскаяни қидирувга бериш ва экстрадиция қилиш учун материаллар тайёрлаган.
Прянишниковнинг таъкидлашича, огоҳлантиришларга қарамай, Рожанская болани олиб кетиш истагида Остонага келган.
Адвокат Риза Нурбаева DW нашрига маълум қилишича, Россияда Рожанскаяга нисбатан жиноий иш ҳали 2023 йилда қўзғатилган.
«У Қозоғистонга учиб келганида, Калининград судининг қарори асосида қўлга олинди. Унга нисбатан 2023 йилдан буён гўё болани ўғирлашга уриниш бўйича жиноий иш қўзғатилган, у эса бу ҳақда билмаган, чунки умуман Россияга кирмаган», — дейди Нурбаева.
Прянишников Рожанскаянинг қўлга олинишини Россия махсус хизматлари томонидан олдиндан режалаштирилган операция натижаси деб ҳисоблайди ва воқеани ФХХ провокацияси деб атади. Унинг фикрича, иш Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ сиёсий контекстга эга бўлиши мумкин.
Материал эълон қилинган пайтга қадар Россия ва Қозоғистон расмийларидан ушбу иш бўйича расмий изоҳлар келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Россияга экстрадиция қилиш билан боғлиқ бир нечта шов-шувли ишлар марказида қолди. Бир неча кун олдин ўнлаб мамлакатлардан 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячиси ва фаол Остонага чеченистонлик фаол Мансур Мовлаев ва Алексей Навалний штаби собиқ ходими Юлия Емельяноваларни Москвага топширмасликка чақирди.
Мовлаев 2025 йил май ойидан бери Олмаотада экстрадиция мақсадида ҳибсда сақланмоқда. Сентябрь ойида у тергов ҳибсхонасида икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қозоғистонни унинг шикояти кўриб чиқилгунга қадар Мовлаевни Россияга топширмасликка чақирди.



