Жисмоний шахсларнинг Россиядан Қозоғистонга пул ўтказмалари қарийб 12 баробарга кескин камайди

magnific.com сайти фотосурати

2026 йил август ойида Россиядан Қозоғистонга жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми қарийб 12 баробарга камайиб, 239 миллион тенгени (тахминан 539 минг доллар) ташкил этди. Бу ҳақда РБК Қозоғистон Миллий банки статистикасига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, тескари йўналишда — Қозоғистондан Россияга пул ўтказмалари ҳам 14 баробардан кўпроққа камайиб, 1,2 миллиард тенгега (2,7 миллион доллар) тушган.

Пул ўтказмалари ҳажмининг кескин пасайиши Европа Иттифоқи томонидан «Золотая корона» тўлов тизимига қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг кузатилган.

Санкциялар жорий этилгунга қадар Россия Қозоғистондан ва Қозоғистонга амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми бўйича иккинчи ўринда бўлган. Ҳозир эса бошқа мамлакатлар орасида ушбу йўналишлар бўйича мос равишда бешинчи ва тўққизинчи ўринларга тушиб қолган.

Умуман олганда, август ойида Қозоғистондан хорижга пул ўтказмалари ҳажми 28 миллиард тенгени (63 миллион доллар) ташкил этиб, июль ойига нисбатан икки баробарга камайган. Бундай операциялар сони 65,4 фоизга қисқариб, 43,7 мингтани ташкил қилган.

Биринчи кредит бюроси маълум қилишича, инфляцияни ҳисобга олганда, август ойидаги кўрсаткич 2016 йил январидан буён энг паст даража бўлган. Бунга асосан Қозоғистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши таъсир кўрсатган.

Европа Иттифоқи 2026 йил июль ойи охирида «Золотая корона» тизимининг оператори ва ҳисоб-китоб маркази бўлган «Платёжный центр» РНКОсига нисбатан блокловчи санкциялар жорий қилди. Уларнинг оқибатлари деярли дарҳол сезилди. Июль ойи охиридан «Золотая корона» Россиядан халқаро пул ўтказмаларини чеклай бошлади: тизимдан Қозоғистон, Грузия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар каби йўналишлар йўқолди. Шу билан бирга, Қирғизистон маълум вақт давомида мавжуд йўналишлардан бири бўлиб қолди. Сентябрь ойида эса Қирғизистон Миллий банки «Золотая корона» операторининг лицензиясини чақириб олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ