Қирғизистон президенти Садир Жапаров Меҳнат вазирлиги таркибида Миграция масалалари департаментини ташкил этиш ҳамда унга бошқа икки идоранинг бир қатор ваколатларини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Фармонга мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига хорижий фуқароларнинг мамлакатга кириши, яшаши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш функцияларини топширади.
Гап ягона рухсатномани расмийлаштириш ва бериш ҳақида бормоқда. Мазкур ҳужжат чет эл фуқаролари учун алоҳида ишлаш рухсатномаси, хорижий ишчи кучини жалб қилиш рухсатномаси ҳамда меҳнат визасининг ўрнини босади. Шунингдек, Қирғизистон резидент-картасини расмийлаштириш ва бериш ҳамда тегишли ахборот тизимларини юритиш ваколатлари ҳам мазкур вазирликка ўтказилади.
Шунингдек, президент Администрацияси ҳузуридаги «Кызмат» давлат муассасасининг функциялари ҳам Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига ўтказилади. Улар қаторига яшаш учун рухсатномани расмийлаштириш ва бериш, фуқаролик масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни турган жойи ҳамда яшаш манзили бўйича рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш киради.
Ушбу функцияларнинг барчаси ягона орган — Миграция масалалари департаментида жамланади.
«Кабар» агентлиги таъкидлашича, ҳозирда хорижий фуқаро ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун бир вақтнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ёки «Кызмат»га мурожаат қилишига тўғри келади. Бир шахсга оид маълумотлар турли тизимларда алоҳида юритилади. Фармоннинг асосий мақсади — давлат органлари функцияларининг такрорланишини бартараф этиш ва хизматлар кўрсатишни соддалаштиришдан иборат.
«Ягона рухсатнома, резидент-карта, яшаш учун рухсатнома бериш ва хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказиш каби функцияларни битта департаментда жамлаш идоралар ўртасидаги функциялар такрорланишини қисқартиради. Масъулиятнинг битта орган зиммасида бўлиши ва фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта идорага мурожаат қилишига ҳожат қолмаслиги жуда тўғри», — деди Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати, Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси Элвира Сурабалдиева.
Унинг қўшимча қилишича, миграция масалаларини кўриб чиқиш жараёнида унинг қўмитаси турли идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Депутатнинг фикрича, функцияларни бир жойда жамлаш ишларни тизимли ва масъулиятли ташкил этиш имконини беради.
Ислоҳот миграция оқимларининг сезиларли даражада ўсиши фонида амалга оширилмоқда. Чегара хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилда Қирғизистонга қарийб 21 миллион нафар чкет эл фуқароси кирган — бу 2024 йилга нисбатан 18,6 фоизга кўп. 2025 йилда хорижий ишчи кучини жалб қилиш квотаси 25 минг нафардан 42 минг нафарга оширилган. Бунда энг катта улушни Хитой (40 фоиз), Бангладеш (24 фоиз) ва Покистон (17 фоиз) фуқаролари ташкил этган.
2026 йил учун квота 100 минг нафаргача оширилди. Июль ойи ўрталарига келиб, Қирғизистон ушбу квота доирасида қарийб 61 мингта меҳнат визаси берган. Берилган визаларнинг қарийб 60 фоизи Хитой фуқароларига тегишли бўлиб, улар Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларига жалб этилмоқда.



