Жорий йил сентябрь ойи охири ҳолатига кўра, Душанбе шаҳрида бир хонали квартира ўртача 750 минг сомони ($81,3 минг) туради. Ихтисослаштирилган Sk.tj онлайн майдончасида сотувга қўйилган уй-жойлар нархини таҳлил қилишни «Авеста» ахборот агентлиги ходимлари амалга оширган.
Республика статистика агентлиги маълумотларига кўра, июнь ойида мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 3,8 минг сомони ($412)га етган. Яъни ушбу сумма пойтахтдаги бир хонали квартира нархидан қарийб 200 баравар кам. Ҳатто Душанбеда маошлар республика бўйича ўртача кўрсаткичдан 15–20 фоиз юқори эканини ҳисобга олганда ҳам, уй-жой нархлари билан иш ҳақи ўртасидаги фарқ сезиларли.
Кўчмас мулк таклифларини ўрганган таҳлилчилар нархлар ўртача кўрсаткич эканини таъкидлашмоқда. Чунки нархлар туман, бино қурилган йил, таъмир ҳолати ва квартиранинг умумий аҳволи, инфратузилма ҳамда бошқа омилларга қараб фарқ қилади.
Шундай қилиб, бир хонали квартиралар ўртача 750 минг сомонидан сотилмоқда. Шунга кўра, бир квадрат метрнинг нархи 11,5 минг сомони ($1,2 минг)ни ташкил этади.
Икки хонали квартира учун эса сотувчилар ўртача 980 минг сомони ($106,2 минг) сўрамоқда. Бунда бундай уй-жойнинг бир квадрат метри 13,8 минг сомони ($1,5 минг) атрофида туради.
Уч хонали квартираларнинг медиан нархи 1,24 миллион сомони ($134,5 минг)ни ташкил этади. Бир квадрат метрнинг нархи эса қарийб 13 минг сомони ($1,4 минг)га тенг. Яъни фақат бир квадрат метр нархини ҳисобга олганда, энг юқори кўрсаткич икки хонали квартираларга тўғри келади.
Шунингдек, тўрт ва ундан ортиқ хонали уй-жойлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Тожикистон пойтахтида бундай квартиралар учун харидорлар камида 1,65 миллион сомони (қарийб $180 минг) тўлаши керак. Айтиш жоиз, бундай уй-жойларда бир квадрат метр нархи икки ва уч хонали квартираларга қараганда арзонроқ — 12,9 минг сомони (қарийб $1,4 минг).
Экспертлар маълумотларига кўра, ҳозирда кўчмас мулк сотувига ихтисослашган машҳур онлайн майдончасида уч хонали квартиралар таклифлар орасида устунлик қилмоқда — уларнинг улуши 39,1 фоизни ташкил этади. Икки хонали квартиралар сал ортда — 36,6 фоиз. Бир хонали квартиралар тоифаси умумий эълонларнинг тахминан 15,5 фоизини ташкил қилади. Тўрт ва ундан ортиқ хонали уй-жойлар улуши эса бозорнинг 8,9 фоизидан ошмайди.



