Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганлик учун жазони кучайтиришни, жумладан, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда агентлик ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг сўзларига кўра, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича ташаббуслар бир неча ой давомида ишлаб чиқилган. Ҳозир ҳужжатлар ҳукуматга кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
Мирзиёванинг аниқлик киритишича, агентлик ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик қилмагани учун, педагогларнинг эса зўравонлик ва камситиш ҳолатларига йўл қўйгани учун жавобгарлигини кучайтиришни таклиф қилган. Шунингдек, жабрланган болаларга тергов ва суд жараёнининг ҳар бир босқичида ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя таъминлаш чоралари ҳам белгилаб қўйилган.
Мазкур баёнот Наманган вилоятида беш ёшли қизалоқни зўрлаш билан боғлиқ шов-шувли иш фонида янгради. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, болалар боғчасининг хўжалик мудири гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Унга республика Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айблов қўйилган. ОАВ хабар беришича, иш фигурантининг қариндошлари жабрланган қизалоқнинг ота-онасига босим ўтказган ва қизчанинг онаси аризасини қайтариб олиши учун пул таклиф қилган.
Шаҳноза Мирзиёева агентлик ижтимоий ҳимоя масаласи бўйича вазиятни назоратда ушлаб турганини ёзади. Болалар боғчаси тарбияланувчиси ва унинг онасига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Оилани бошқа шаҳарга кўчириш ҳақида қарор қабул қилинган.
«Уларга уй-жой берилади, зарур реабилитация ва тўлиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, қизалоқнинг онаси ўқиш ва ишга жойлашишига ёрдам берилади. Зарур бўлса, фамилясини ўзгартиришга ҳам кўмаклашилади. Энг муҳими, болажон ва унинг яқинлари хавфсиз жойда янги ҳаёт бошлашлари учун барча зарур шароитлар яратилади», — дея таъкидлайди Мирзиёева.
У мазкур жиноят жазосиз қолмаслигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам фикр билдирган эди. Унинг таъкидлашича, бундай даҳшатли жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилиши керак, аммо амалдаги қонунчиликда бундай жазо назарда тутилмаган. Президент Администрацияси раҳбари қўшимча қилишича, ҳукумат жазони максимал даражада кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Педофиллар учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш таклифи аввал ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, жорий йил март ойида бу таклифни республика президенти Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлаганди. Бироқ, болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш қонунчилик даражасида ҳозирча тасдиқланмаган.
Ҳозирги вақтда Жиноят кодексига кўра, бундай жиноятлар учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.



