Швейцария суди Гулнора Каримова иши бўйича Lombard Odier банкини жаримага тортди

Швейцария Федерал жиноий суди Lombard Odier хусусий банкини Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова маблағларини ювишининг олдини олиш чораларини кўрмагани учун 3 миллион швейцария франки (3,68 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

2026 йил апрелида бошланган суд жараёнида айблов томонининг фикрича, жиноий йўл билан орттирилган юзлаб миллион долларларни легаллаштириш билан боғлиқ иш кўриб чиқилди. Швейцария прокурорлари Каримовани пора олиш ва «Офис» (The Office) номи билан танилган жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айблаган. Тергов маълумотларига кўра, ушбу ташкилот 2005–2013 йиллар оралиғида Швейцариядаги ҳисоб рақамларига катта миқдордаги маблағларни йўналтирган. Каримова эса ўз айбини рад этмоқда.

Суд Женевада жойлашган Lombard Odier банки ва C. деб белгиланган унинг собиқ ходими Каримованинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларини яширишга ёрдам берган, деган хулосага келди. Суд қарорда банк пул ювишнинг олдини олиш учун «барча оқилона ва зарур ташкилий чораларни кўрмагани» сабабли жаримага тортилганини қайд этади.

Lombard Odier банк ҳисоб рақамлари билан ишлаган собиқ менежер пул ювишда айбдор деб топилди ва унга 24 ой муддатга шартли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тергов маълумотларига кўра, айнан шу ходим Каримова маблағларини ювиш схемасида асосий рол ўйнаган. У «Офис» учун тўққизта ҳисоб рақами очган ва улар орқали пуллар легаллаштирилган. Ушбу ҳисоб рақамларининг ҳақиқий эгалари ҳақидаги маълумотларда ёлғон маълумотлар кўрсатилган, чунки ягона бенефициар эгаси Каримова бўлган.

Бундан ташқари, 2011 йил ноябрь ва 2012 йил июнь ойларида мазкур ходим «Офис»нинг рухсат берилмаган аъзосига Lombard Odier банкидаги компания ҳисоб рақамига боғланган сейфдан фойдаланиш имкониятини берган. Ушбу шахс пул ўтказмалари учун ҳуқуқий ниқоб вазифасини бажарган ҳужжатларни йўқ қилган ёки барча ҳужжатларни бошқа сейфга кўчирган.

Суд жиноятлар содир этилганидан кейин анча вақт ўтганини ҳисобга олиб, банк ва унинг собиқ ходимига нисбатан жазони енгиллаштирди. 2011 йил июль ойигача бўлган воқеаларга оид айбловлар даъво муддати ўтгани сабабли тўлиқ бекор қилинган.

Жаримадан ташқари, суд 400 миллиондан ортиқ швейцария франки (488 миллион доллардан зиёд) миқдоридаги активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Reuters хабарида гап қайси активлар ҳақида кетаётгани аниқ кўрсатилмаган. Шу билан бирга, 2023 йил сентябрь ойида Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримовага қарши айблов хулосасини Федерал жиноий судга юборган ва унда Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи жиноий йўл билан орттирган, деб ҳисобланган 440 миллион швейцария франкини мусодара қилишни талаб қилган эди.

Терговчилар Каримовага тегишли жами 780 миллион швейцария франки миқдоридаги активларни — пул маблағлари ва кўчмас мулк кўринишида — аниқлаган. Ушбу маблағларнинг 340 миллион франки Ўзбекистонга қайтариш мақсадида аввалдан мусодара қилингани сабабли, Бош прокуратура қолган маблағларни ҳам мусодара қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария суди Гулнора Каримовага нисбатан иш бўйича суд жараёнини 2026 йил апрель ойида тўхтатган эди. Қарорга кўра, бунга унинг Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётгани ва мамлакатдан чиқиши мумкин эмаслиги сабаб бўлган: Ўзбекистон ҳукумати жазонинг тўлиқ муддати ўталмагунча унинг чиқишига рухсат бермаган. Шу муносабат билан суд айбловлар бўйича даъво муддати тугагунига қадар унинг озод қилиниши ёки Швейцарияга экстрадиция қилиниши эҳтимоли йўқ, деган хулосага келган.

Иш бўйича яна бир фигурант — Россияда истиқомат қилувчи ва Б. деб кўрсатилган шахсга нисбатан суд жараёни ҳам тўхтатилган. Бунга унинг ўз назоратига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра Швейцарияга кела олмагани сабаб бўлган. Прокуратура маълумотларига кўра, гап Россиянинг телекоммуникация компанияси МТСнинг Ўзбекистондаги филиали — «Ўздунробита» компаниясининг собиқ бош директори ҳақида кетмоқда. Бу лавозимни Беҳзод Аҳмедов эгаллаган.

Lombard Odier банки эса, ўз навбатида, суд қароридан шикоят қилиш ниятида эканини билдирди. Банк таъкидлашича, мазкур иш 2012 йили у ўз ташаббуси билан Швейцария ҳокимият органларига шубҳалар ҳақида хабар берганидан сўнг бошланган.

Банк ўша вақтда пул ювишга қарши курашиш бўйича ишончли ички назорат механизмлари ва тартиб-таомилларга эга бўлганини таъкидламоқда. Аввалроқ ҳам банк айбловлар атайин пул ювишда иштирок этиш билан эмас, балки банк баҳслашадиган профилактика чораларидаги эҳтимолий ташкилий камчиликлар билан боғлиқ эканини билдирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ