3 август куни Қозоғистонда Қурултойга илк сайловлар бўлиб ўтди. Мамлакатнинг янгиланган бир палатали парламенти энди шу ном билан аталади. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, президент Қосим-Жомарт Тўқаевга таянч сифатида ўтган баҳорда ташкил этилган «Әділет» («Адолат») партияси 71,17 фоиз овоз олган, умумий сайловчилар фаоллиги эса 74 фоиздан бироз юқори бўлган. Бу рақамлар қанчалик реал ва овоз бериш жараёнини кузатувчилар қандай баҳолади — «Фарғона» материалида.
Табрикдан танқидгача
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев овоз бериш жараёни мисли кўрилмаган даражада юқори савияда ташкил этилганини айтди. «Марказий сайлов комиссияси катта ишларни амалга оширди. Сайлов жараёнига пухта ўйланган ечимлар, жумладан, сунъий интеллект технологиялари жорий этилмоқда, бу эса иш сифатини сезиларли даражада оширди», — деди давлат раҳбари.
У хорижий кузатувчилар томонидан овоз бериш жараёнига катта қизиқиш билдирилганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро ҳамжамият сайлов натижаларини тан олганини ва улар «миллий қонунчилик ҳамда барча белгиланган талабларга тўлиқ мувофиқ келишини тасдиқлаганини» айтди.
МДҲ давлатлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), МДҲ давлатлари Парламентлараро ассамблеяси мамлакатларидан келган кузатувчилар, ҳақиқатдан ҳам, овоз бериш жараёни қонун талабларига мувофиқ ўтган деган хулосага келган. Тўқаевни сайловларни муваффақиятли ўтказилгани билан ўнлаб давлат раҳбарлари, жумладан, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия президентлари табриклади. Бироқ, Қозоғистон раҳбари тилга олишни маъқул кўрмаган бошқа, унчалик мақтовга сазовор бўлмаган баҳолар ҳам бўлди.
☝️ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) ўзининг дастлабки ҳисоботида Қурултой сайловларини танқид қилиб, уларда «сиёсий плюрализм бўлмагани»ни қайд этди. Гап шундаки, сайловда иштирок этган етти партиянинг барчаси амалдаги президент сиёсатини қўллаб-қувватлаган, ўзини ўзи номзод сифатида кўрсатган шахслар учун эса парламентга йўл ёпиқ бўлган.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари сайловнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан «Әділет» партиясига берилган устунликка алоҳида эътибор қаратди. «Әділет» 2023 йилдан буён Қозоғистонда рўйхатдан ўтказилган биринчи янги сиёсий партия бўлади. Шу билан бирга, бошқа партияларни рўйхатдан ўтказишга бўлган уринишлар муваффақиятсиз якунланган.
Аввал ҳукмрон партия бўлган Amanat билан бирлашганидан сўнг, «Әділет» унинг инфратузилмаси, партия аппарати, ташкилий тажрибаси, сиёсий алоқалари ва ресурсларига эга бўлди. Кузатувчилар фикрича, бу борада «Әділет»нинг имкониятлари сайловдаги бошқа иштирокчиларникидан анча устун бўлган. Ҳисоботда таъкидланишича, ушбу омилларнинг йиғиндиси партияга «асоссиз устунлик» берган ва давлат билан сиёсий ташкилот ўртасидаги чегаранинг хиралашишига олиб келган.
Овоз беришдан сал олдин қабул қилинган сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳам танқид қилинди. ЕХҲТ ДИИҲБ баҳосига кўра, кенг кўламли тузатишлар қисқа муддат ичида киритилган, уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш имкониятлари эса чекланган.
Кузатувчилар сайловчиларнинг овоз беришдаги иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари қайд этганидек, ташриф буюрилган участкаларнинг аксариятида овоз бериш белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ ўтган. Бироқ расман эълон қилинган ва амалдаги сайловчилар иштироки кўрсаткичлари ўртасида тафовутлар кузатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг иштирокини 74,19 фоиз деб баҳолаган. Бироқ, кузатувчилар ташриф буюрган участкаларда рўйхатдан ўтган ва овоз берган фуқаролар сони ҳақида маълумотларни мустақил равишда тўплаган. Уларнинг баҳосига кўра, амалда овоз берганлар сони расман эълон қилинган кўрсаткичдан анча паст бўлган.
Ташриф буюрилган участкаларнинг 6 фоизида сайловчилар бюллетенларни суратга олган. Айрим сайловчиларнинг айтишича, суратлар иш берувчиларга ҳисобот бериш учун керак бўлган.
☝️ Кузатувчилар энг жиддий муаммоларни овозларни ҳисоблаш жараёнида аниқлаган. Улар ҳозир бўлган 119 та сайлов участкасидан 40 тасида жиддий қоидабузарликлар туфайли жараёнга салбий баҳо берилган. Саккизта участкада сайлов қутиларидаги бюллетенлар сони овоз берган сайловчилар сонидан кўп бўлган.
Бундан ташқари, тўртта участкада баённомалар олдиндан имзоланган, 37 та ҳолатда улар жамоатчилик танишиши учун очиқ жойга илиб қўйилмаган, 32 та ҳолатда эса кузатувчиларга белгиланган нусхалар берилмаган. Ҳисоботда қайд этилишича, қатор участкаларда комиссиялар сайловчилар сони, имзолар ва фойдаланилмаган бюллетенлар миқдорига оид муҳим маълумотларни ҳам тасдиқлай олмаган.
ЕХҲТ ДИИҲБ аввал ҳам Қозоғистондаги сайловларни, жумладан, 2023 йилда икки палатали парламентнинг қуйи палатаси — Мажилисга бўлиб ўтган сайловларни танқид қилган эди. 2025 йилда президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қатарнинг Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида ташкилот хулосаларига муносабат билдириб, уни холис эмас деб атаган ва унинг фаолияти самарадорлигини шубҳа остига қўйган.
Европа Иттифоқи бундай баҳога қўшилмади. Брюссель Қозоғистон ҳукуматининг сайловларни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини эътироф этди. Бироқ, айни пайтда ЕХҲТ ДИИҲБнинг сиёсий ва медиа плюрализми чеклангани, шунингдек, сайлов тизими халқаро демократик сайлов стандартларига мос эмаслиги ҳақидаги хулосларини «инобатга олганини» билдирди.
ЕИ Қозоғистонни демократик ислоҳотлар устида ишлашни давом эттиришга чақирди. Шу билан бирга, Брюссель Остона билан «умумий қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида» ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.
Брюсселнинг бу борадаги баёноти етарлича эҳтиёткорона бўлди: Европа Иттифоқи сайловларга мустақил равишда кескин баҳо беришдан воз кечиб, халқаро кузатувчилар хулосаларига ҳавола қилиш ва ислоҳотларни давом эттиришга чақириш билан чекланди.
Рақамлар билан «ўйинлар»
Таъкидлаш лозим, овозларни ҳисоблаш жараёни бўйича саволлар нафақат халқаро кузатувчиларда пайдо бўлган. Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Чернобиль Олмаотадаги ўз ҳудудида жойлашган бешта сайлов участкасининг баённомаларини ўрганиб, натижалардаги ғайриоддий ўхшашликка эътибор қаратди.
Унинг маълумотларига кўра, бешта участканинг барчасида сайловчиларнинг иштироки деярли бир хил бўлган — фоизлардаги фарқ атиги 0,36 фоиз атрофида бўлган. У партиялар ўртасида овозларни тақсимлашда ҳам шунга ўхшаш манзарани аниқлаган.
«Агар барча етти партия натижаларини, уларга “Барчага қарши” вариантини ва ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар кўрсаткичини қўшиб солиштирсак, бир-биридан мустақил бўлган бешта участка ўртасидаги натижаларнинг ўртача фарқи сайлов варақасидаги барча тўққизта банд бўйича... 0,29 фоизни ташкил этади», — деб ёзган Чернобиль Facebookда.
«Нега кўлами жиҳатидан мутлақо фарқ қиладиган бешта участка деярли бир хил натижа кўрсатди? Бундай ниҳоятда аниқлик нимадан далолат беради? IT мутахассислари тилида: бу багми ёки фичами?» — дея савол қўяди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Шунга қарамай, сўнгги вақтларда анча «тозаланган» Қозоғистон ахборот майдонида бундай саволлар ва мустақил текширувлар тобора камайиб бормоқда. Қозоғистонлик сиёсатшунослар ва экспертларнинг мутлақ кўпчилиги сайловларга юқори баҳо берди. Эътиборлиси, бу сафар уларга Россиялик ҳамкасблари ҳам қўшилди.
Россияда — маъқуллашди
Сиёсатшунос Владимир Виноградовнинг фикрича, сайловлар президент Қосим-Жомарт Тўқаевга «кучли ички ва ташқи хавф-хатарларни юзага келтирмаган ҳолда сиёсий конструкцияни мустаҳкамлаш» имконини берди.
Экспертнинг фикрича, Москва учун сайлов натижалари Тўқаевнинг мамлакат ичидаги мавқеи мустаҳкамланганини англатади. Унинг айтишича, Кремль Қозоғистон президентига мослашиши учун маълум вақт талаб қилинди, бироқ Россия учун Қозоғистондаги тушунарли ва барқарор сиёсий тизим янги ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган тизимдан афзал.
Виноградов ҳокимият партияси алмашганига ҳам эътибор қаратди. 71,17 фоиз овоз олган «Әділет» 2023 йилги сайловларда «Аманат» олган 53,9 фоиздан анча юқори натижа қайд этди.
«Москва назарида бу худди “Единая Россия 2.0”нинг ўзи. Айниқса, Назарбоевнинг “Нур Отан” партияси негизида шаклланган “Аманат” мухолифатга ўтиб кетмай, янги фаворитга қўшилгани бунга яққол мисол. Эски партия бренди аввалги сиёсий цикл билан ҳаддан ташқари боғлиқ бўлиб кўринди, янги қобиқ эса бошқарувчанликни сақлаб қолиш ва “янги давр”га ўтишни рамзий жиҳатдан расмийлаштириш имконини берди», — деб ёазди Виноградов ўзининг Telegram-каналида.
Сиёсатшунос Константин Калачёв эса Қозоғистон тажрибаси келажакда Россия учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, деб тахмин қилади. Унинг фикрича, сайловлар «сиёсий технологияларнинг юқори даражаси ва кўп босқичли ечимлар»ни намойиш этган.
Калачёв таъкидлашича, республика ҳукумати жамият талабларини инобатга олиш ва барқарорликни тараққиёт билан уйғунлаштириш мумкинлигини намойиш эта олди. Натижада партиявий-сиёсий тизим ички ва ташқи легитимликка эга бўлди, овоз бериш натижалари эса сайловчиларнинг сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлади.
Ниҳоят, Сиёсий экспертлар гуруҳи эксперти Владимир Кузнецов Қозоғистон тажрибасига Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди.
«Кескин либераллашув ёки консервация сценарийларидан фарқли ўлароқ, Остона бошқарувчанликни сақлаб қолган ҳолда институтларни босқичма-босқич янгилаш мумкинлигини намойиш этмоқда. Қурултойга сайловлар ҳокимият вакуумини юзага келтирмаган ва ворисийликни бузмаган ҳолда янги сиёсий конфигурацияни шакллантирди», — деди у.
Қарши овоз
Бўлиб ўтган сайловларни танқид қилган кам сонли экспертлардан бири қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев бўлди. У Deutsche Welleга берган интервьюсида Қозоғистонда сайлов жараёни ҳануз тўлиқ назорат остида қолаётганини, сайловчилар эса ҳамон ҳақиқий танловга эга эмаслигини айтди.
«Ҳеч қанақа интрига йўқ», — дея таъкидлайди Сатпаев. Унга кўра, икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтиш сиёсий ўйин қоидаларида жиддий ўзгаришларга олиб келмаган.
Унинг фикрича, ҳукумат Назарбоевдан кейинги сиёсий тизимни шакллантиришга уринмоқда, бироқ аввалги моделнинг кўплаб элементлари сақланиб қолинмоқда. Бунга мисол сифатида у ҳукмрон партияларнинг алмашишини — «Нур Отан» ва «Аманат»дан «Әділет»га ўтишини келтирди.
Сатпаев, шунингдек, Қурултойга сайловлар ҳокимиятнинг келгуси транзити билан боғлиқ кенгроқ жараённинг бир қисми, деб ҳисоблайди. У вице-президент лавозими пайдо бўлганига эътибор қаратади. Ушбу лавозим эҳтимол Тўқаевнинг эҳтимолий ворисини тайёрлаш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, сиёсатшунос амалдаги президент ҳокимиятни сақлаб қолишга уриниши эҳтимолини ҳам истисно қилмайди. Унинг 2029 йилги сайловларда иштирок этиш имконияти бор, Конституциявий суд эса бунинг учун ҳуқуқий асос яратган.
Кўринишидан, бу масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Шу боис асосий интригалар сайловдан кейин бошланади. Энг катта қизиқишлар кадрлар бўйича қарорлар, хусусан, вице-президент лавозимини ким эгаллаши, шунингдек, Тўқаевнинг янги муддатга номзодини қўйиш-қўймаслиги ҳақидаги қарор билан боғлиқ.
-
21 Август21.08Қотил ва рақобатчиНима учун робототехника тараққиёти инсониятга хавф солиши мумкинлиги ҳақида -
21 Август21.08Видео«Нимаси жиноят эди?"Нима учун эронлик хонанда Саадий шеърларига битилган қўшиқлар ижро этгани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди? -
18 Август18.08Қозоғистон Big Oilга қарши: Қашағандаги 160 миллиард долларлик даъво ортида нима турибди?Остона кон операторини коррупция ва харажатларни асоссиз равишда оширишда айблади -
17 Август17.08Вашингтон, сизларни Қобулда кутишмоқдаҚобул дипломатик тан олиниш ва сармоя эвазига Трампга мамлакат ресурсларини таклиф қилмоқда -
07 Август07.08Энди «демократия оролчаси» эмасҚирғизистон президенти Садир Жапаровнинг собиқ сафдоши истеъфоси унинг яккаҳокимлигини қандай мустаҳкамлаётгани ҳақида -
03 Август03.08Термоядровий ХитойХитойнинг илм-фан ва техникадаги ютуғи — пиарми ёки ҳақиқат?



