Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) ташрифи чоғида умумий инвестиция қиймати 7,5 миллиард доллардан зиёд бўлган 50 дан ортиқ янги лойиҳани ишга туширди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, улар рақамли валюта, олтин қазиб олиш, транспорт, энергетика ва бошқа соҳалардаги корхоналарни ўз ичига олади.
Президент қиймати 592 миллион доллар бўлган 11 та ташаббусни ишга туширди ҳамда умумий қиймати 7 миллиард долларлик 47 та янги объект ва корхона қурилишига старт берди. Натижада Қорақалпоғистонда 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга оширилмоқда.
Қўнғирот, Тахиатош ва Тахтакўпир туманларида хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда рақамли валюта ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект маълумотлар марказларини ташкил этиш бўйича умумий қиймати қарийб 2,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, қиймати 150 миллион долларга баҳоланаётган Linkwise компаниясининг модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Қораўзак туманида жойлашган «Зенгибобо» конида олтин қазиб олиш корхонаси барпо этилади. Лойиҳага киритиладиган инвестициялар ҳажми қарийб 20 миллион долларни ташкил этади.
Қатор ташаббуслар энергетика соҳасини қамраб олган. Хусусан, юқорида тилга олинган туманда умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси (ШЭС) ҳамда қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими аллақачон ишга туширилган.
Қўнғирот туманида қуввати 1,5 гигаватт бўлган йирик ШЭС қурилиши бўйича ишлар фаол босқичга кирган. Кейинчалик станция ягона электр энергетика тизимига уланади. Қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган мазкур лойиҳа Саудия Арабистонининг ACWA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр магистрал электр тармоқларини тортиш, шунингдек, бир нечта подстанцияларни қуриш ва модернизация қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Чимбой туманида кореялик инвесторлар иштирокида республикада илк бор ширинмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 миллион куб метр биогаз ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилади. Нукусда эса чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон пойтахтида жамоат транспортини яхшилашга қаратилган SAPSAN TRANS NO‘KIS корхонасининг 20 миллион долларлик лойиҳаси ҳам иш бошлади. 25 та автобус ва электробус олиб келинган бўлиб, йил якунига қадар қўшимча 75 та электробус келтирилади. Лойиҳада 200 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Нукус учун 112 та электробус харид қилади ва депо ташкил этилишини молиялаштиради.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу автомобиль йўлининг узунлиги 92 километр бўлган қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 233 миллион долларга баҳоланмоқда.
Туркия компаниялари иштирокида Нукусда «Дўстлик» канали соҳилида 103 миллион долларлик кўнгилочар ва савдо маркази, дам олиш ҳудудлари билан биргаликда барпо этилади. Объект Тошкентдаги Seoul Moon мажмуаси намунасида лойиҳалаштирилган. Амударё туманида эса қиймати 15 миллион доллар бўлган йирик савдо маркази пайдо бўлади.
Қорақалпоғистонда ижтимоий соҳа ҳам ривожланмоқда. Мирзиёев ташрифи доирасида пойтахтда БАА билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона фойдаланишга топширилди. Қиймати 27 миллион доллар бўлган муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 нафаргача беморни қабул қила олади. Бундан ташқари, республикада Қорақалпоқ илмий-амалий тиббиёт академияси, тиббиёт фанлари университети ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатувчи шифохона ташкил этилмоқда. Охирги икки ташаббус Ҳиндистонлик тадбиркорлар томонидан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Мирзиёев Нукусда ташкил этиладиган ёш оилалар учун «Янги Ўзбекистон» турар жой массиви тақдимотида ҳам иштирок этди. 270 гектар майдонда кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Давлат раҳбари матбуот хизмати таъкидлашича, Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи воқеаларга бой бўлди. Жумладан, у Кегейли туманидаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, шунингдек, паррандачилик фермасига, Нукусдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводларига, таълим муассасаларига, реконструкция қилинган пойтахтдаги «Турон» стадионига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳаллалар аҳолиси билан мулоқот қилди, фаоллар ва суверен республика давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан учрашувда нутқ сўзлади.



