Муҳиддин Кабирий ТИУП раҳбари лавозимини тарк этди. Партияга Исломжон Саидов раҳбарлик қилади

Мухиддин Кабирий (чапда), Исломжон Саидов. Wikipedia, tajnews.org фотосурати

Муҳиддин Кабирий Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) раҳбари лавозимидан кетганини маълум қилди. Бу ҳақда «Азаттик-Азия» хабар берди.

ТИУПнинг янги раҳбари этиб аввал партия раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган Исломжон Саидов сайланди. Сайлов 19 сентябрь куни Вильнюсда бўлиб ўтди. Раҳбарлик лавозимига яна икки номзод — Абубакр Нурий ва Абдулқодир Шайхов даъво қилган, аммо Саидов 64 фоиз овоз олган.

Кабирий истеъфосини партия раҳбарлигида узоқ вақт ишлагани ва «энди янгиланиш вақти келгани» билан изоҳлади. Партия ичида жиддий келишмовчиликлар борлиги ҳақидаги тахминларга изоҳ бераркан, Кабирий партия сафини тарк этганлар Тожикистон хавфсизлик органларининг босими остида шундай қарор қабул қилганини маълум қилди.

ТИУПнинг собиқ раҳбари шунингдек, хорижда фаолият юритаётган мухолифат ташкилотлари коалицияси — «Тожикистон Миллий Альянси» раҳбари бўлиб қолишини маълум қилди.

ТИУП расман 1991 йил октябрь ойида ташкил этилган. Кабирий партия асосчиси ва раҳбари Саид Абдулло Нурий вафотидан сўнг, 2006 йилда унинг раҳбари бўлган. 16 йил давомида ТИУП собиқ СССР ҳудудида расман фаолият юритган ягона диний йўналишдаги партия бўлган. 2015 йилда партия мамлакат Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода томонидан уюштирилган ҳарбий исённи ташкил этишда айбланди. Шундан сўнг Тожикистон Олий суди ТИУПни террористик-экстремистик ташкилот деб топди.

Партиянинг кўплаб аъзолари ва тарафдорлари таъқибга учради, партия раҳбарияти ҳибсга олинди, сиёсий кенгашнинг 14 аъзоси турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Улардан икки нафари — Маҳмадали Ҳайит ва Саидумар Ҳусайний — умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кабирий эса мамлакатни тарк этишга улгурди. Тожикистонда унга нисбатан сиртдан умрбод қамоқ жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 16 та моддаси бўйича айбдор деб топилди.

ТИУП раҳбарияти ва Кабирий барча айбловларни рад этиб, уларни сиёсий сабабларга асосланган ва мухолифат партиясини йўқ қилишга қаратилган деб атайди. Тожикистонда фаолияти тўхтатилгунига қадар партиянинг 40 мингдан ортиқ аъзоси бўлган ва у ҳукмрон Халқ демократик партиясидан кейин мамлакатдаги иккинчи йирик сиёсий куч ҳисобланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ