Самарқандда Ўзбекистонга бағишланган «130 миллат, 16 конфессия, бир Ватан» халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати.
Форум Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Американинг LYNC нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда Дин ишлари бўйича қўмита, ИЦМ, Ташқи ишлар вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Форумда 15 давлатдан 50 га яқин эксперт, дин уламолари, жамоат арбоблари, жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва жаҳон мусулмонлари лигаси вакиллари, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистонидан делегатлар иштирок этди.
Динлараро мулоқот, виждон эркинлигини ҳимоя қилиш, диний камситишларга қарши курашиш, конфессиялар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш масалалари муҳокаманинг асосий мавзулари бўлди. Иштирокчилар геосиёсий ва диний зиддиятлар кучайиб бораётган бир шароитда бундай тадбирлар алоҳида аҳамият касб этиши, амалий ечимлар ва қўшма ташаббуслар учун платформа бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон конфессиялараро тотувлик намунаси сифатида тақдим этилди: мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қилади, янгиланган «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги қонун амалда, Конфессиялар бўйича кенгаш фаолияти кенгайтирилди, илмий-маданий марказлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ислом цивилизация марказлари фаолият юритмоқда.
Уч кун давомида муҳокама ва семинарлар бўлиб ўтди ва якуний куни иштирокчилар диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камситишларга қарши курашиш, бағрикенгликни тарғиб қилиш ва тинчликни мустаҳкамлашга оид декларация қабул қилдилар.
Форум якунлари бўйича Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва LYNC ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.