БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази тақдимотига тайёргарлик кўрилмоқда

БМТ. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистондан борган ишчи гуруҳ Нью-Йоркда БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг илмий-маънавий меросига бағишланган махсус тадбирларни ўтказиш концепцияси ва ташкилий масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатнинг маданий ва илмий меросини БМТ майдонида намойиш этиш ташаббусини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурганди.

АҚШга борган ишчи гуруҳ таркибидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, марказ илмий ходими Ойбек Сотволдиев ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти директори Саидаскар Ҳошимов ўрин олди.

Нью-Йоркда Ўзбекистон вакиллари БМТ Цивилизациялар альянси директори Нихол Саад билан учрашди. Томонлар бўлажак тақдимотлар ва халқаро конференция мазмунини муҳокама қилди. БМТ вакили экспозиция мавзусини кенгайтириш ҳамда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган олимлар меросини жаҳон цивилизацияси тараққиёти контекстида намойиш этишни таклиф қилди.

БМТ Бош Ассамблеяси ишлари ва конференциялар бошқармаси Марказий режалаштириш ва мувофиқлаштириш бўлими сектори раҳбари Син Тонг-Майвальд билан алоҳида музокаралар ўтказилди. Шермухамедов тадбир концепцияси лойиҳасини тақдим этди. Шундан сўнг томонлар конференция ўтказиш мумкин бўлган залларни муҳокама қилди ва БМТ вакилларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ҳужжатни такомиллаштиришга келишиб олди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ БМТ Оператив қўллаб-қувватлаш департаментининг махсус тадбирлар бўлими ходими Наги Наср билан учрашди. У билан биргаликда Ўзбекистон делегацияси кўргазма, конференция ва расмий қабул ўтказилиши режалаштирилаётган майдонларни кўздан кечириб, уларнинг техник имкониятларини ўрганди.

Тадбирларда Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Асосий мавзулар минтақа илмий мактабларининг жаҳон маданияти ва фанига қўшган ҳиссаси, цивилизациялараро мулоқот ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган замонавий лойиҳалардан иборат бўлади.

АҚШнинг бошқа штатларига ташриф давомида ишчи гуруҳ илмий марказлар фаолияти ва ўрта аср олимлари меросига бағишланган тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича музокаралар ҳам олиб борди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ