Қозоғистон ФВВ ходимлари Россия билан чегарада туриб қолган ҳайдовчиларга ёрдам берди

@qr_tjm фотосурати

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари ва ҳарбий хизматчилари Россия билан чегарадош Ақтўбе вилоятининг Мартук туманидаги «Жайсан» чегара постида туриб қолган ҳайдовчиларга ёрдам берди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Бир кун аввал назорат-ўтказиш пунктида оғир юк ва йўловчи транспортларининг тўпланиб қолгани қайд этилган. Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келишган ва ҳайдовчиларга иссиқ овқат, ичимлик суви етказиб бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, санитария назорати ва зарур ахборот таъминотини ташкил қилишган.

«Асосий сабаб чегарадан визасиз ўтиш учун QR-кодлардан мажбурий фойдаланишни назарда тутувчи янги тартибнинг жорий этилгани бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Россия томонидан жорий этилган янги қоидалар 30 июндан кучга кирди. Уларга кўра, РФга киришдан олдин хорижий давлат фуқароси «Госуслуги RuID» иловаси орқали дастлабки рақамли рўйхатдан ўтиши ва QR кодини олиши керак. Бироқ, ўтган ҳафтада бу тартиб ҳали мажбурий эмаслиги ва ихтиёрий экани маълум бўлди.

Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишдаги қийинчиликлар ўтган ҳафта охирида бошланган ва ҳозиргача давом этмоқда. Ҳайдовчилар ёппасига чегарадаги узун навбатлар ва секин ўтишлардан шикоят қилишмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ