Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг Остонага ташрифи чоғида Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида 5 миллиард долларлик 20 дан ортиқ шартнома имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу келишувларнинг амалга оширилиши стратегик ҳамкорликка кучли туртки беради ва ўзаро манфаатли икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея Тўқаев сўзлари келтирилади.
Ўз навбатида, Амирликлар валиаҳд шаҳзодаси Қозоғистон ва БАА ўртасидаги муносабатлар ишонч, ўзаро ёрдам ва умумий тараққиётга интилиш асосида қурилганини таъкидлади. «Бу алоқалар савдо ва сармоявий ҳамкорлик доирасидан ошиб, кенг кўламли соҳаларни – энергетика ва транспортдан тортиб рақамли инфратузилма ва таълимни қамраб олган», — дея қўшимча қилган у.
Тўқаев матбуот хизмати ташриф давомида имзоланган ўнта ҳужжат рўйхатини тақдим этган. Жумладан, автомобиль транспорти ва адлия соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар, шунингдек, нефть ва газ саноатини рақамли ўзгартириш соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим. Бундан ташқари, БАА Остонадаги Нурсултон Назарбоев халқаро аэропорти ва унинг атрофидаги ҳудудларни ривожлантиришга сармоя киритади.
Яна бир келишув Туркистондаги Шайх Муҳаммад бин Зоид Ал Наҳаён туғруқхонаси қурилишига сармоя киритиш билан боғлиқ.
Томонлар, шунингдек, Қозоғистонда 500 МВтгача бўлган электр энергиясини кечаю кундуз таъминлаш ва 2000 МВтгача энергия сақлаш тизимлари лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва республикада суперкомпьютер кластерини яратиш ниятида. Охирги ҳужжат Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ва Абу-Дабининг Presight компанияси томонидан имзоланди. Томонлар ўтган йили суперкомпьютер яратишга келишиб олган эди. Келажакда Қозоғистон қўшни давлатларга ҳисоблаш қувватларини ижарага беришни режалаштирмоқда.
БАА Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритаётган энг йирик хорижий инвесторлар ўнталигига киради. Бугун Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси ташрифи муносабати билан республика ҳукумати ва БАА ҳукумати ўртасида 1 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича келишув ратификация қилингани маълум қилинди. Masdar компанияси уни Жамбил вилоятида қуришни режалаштирган. Ушбу лойиҳага инвестициялар ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этади.