Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастури имзоланди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатларни Тошкентга расмий ташриф билан келган Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Халмуҳамедов имзолади. Қайд этилишича, 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси икки давлат ҳарбий идоралари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича 50 та қўшма тадбирни ўз ичига олади.
Музокаралар чоғида Белоусов Россия ва Ўзбекистон стратегик шериклар ва азалий дўстлар эканини, уларнинг ҳамкорлиги ўзаро англашувнинг юксак даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
«Москва ва Тошкент ҳамкорлиги Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга катта таъсир кўрсатади», — дея қўшимча қилди Россия мудофаа вазири. У мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришига ишонч билдирди.
ℹ️ Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий соҳадаги биринчи стратегик шериклик дастури 2021 йили қабул қилинган бўлиб, унинг 2025 йили якунланиши кутилмоқда.
2017 йили Тошкент ва Москва ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича битим имзоланган эди. Ҳужжатда ҳарбий маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, шунингдек, қурол-яроғ ва ҳарбий техникага техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари кўзда тутилган. Бундан ташқари, у ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш ва илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишни ҳам ўз ичига олади.