Олмаотада яшаш жойи ва вақтинча яшаб туриш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидалари ўзгартирилди. Энди рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдони ҳам ҳисобга олинади: ҳар бир киши ҳисобига умумий майдоннинг камида 15 квадрат метри тўғри келиши керак. Тегишли қарорни шаҳар маслиҳати (вакиллик органи) қабул қилди.
Хабарда таъкидланишича, ушбу меъёр бир манзил бўйича кўп сонли фуқароларни сохта рўйхатдан ўтказиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Шу билан бирга, янги меъёр уй-жой мулкдорининг ўз оила аъзолари ва яқин қариндошларини рўйхатдан ўтказишига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қарор лойиҳасини маслиҳат сессиясида шаҳар Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси раҳбари Бауиржан Жаубасов тақдим этди. Депутатлар лойиҳани қўллаб-қувватлади.
Жаубасовнинг сўзларига кўра, янги меъёр ҳар бир тумандаги аҳолининг амалдаги сонини аниқроқ белгилаш имконини беради. Бу мактаблар, поликлиникалар, коммунал ва бошқа шаҳар инфратузилмасига тушадиган юкламани режалаштириш учун зарур.
Олмаота маслиҳати бундай меъёрни белгилаш ҳуқуқини шаҳарнинг махсус мақоми тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар 2026 йил 14 сентябрда кучга кирганидан сўнг олди.
Сохта рўйхатдан ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 493-моддасига кўра, уй-жой мулкдорига 10 ОҲМ (ойлик ҳисоб миқдори, 1 ОҲМ = 4325 тенге / 10 доллар) гача жарима солиниши мумкин.
Бундан аввал Остонада ҳам рўйхатдан ўтиш бўйича шунга ўхшаш қоидалар тасдиқланган эди.



