Мирзиёев Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилишига оид келишувни тасдиқлади

ўзбекистонга берилган пансонатлардан бири. дмбда матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ҳукумати билан Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг 49 йил муддатга Тошкентга берилишига оид келишувни тасдиқлади.

Келишув 2024 йил 18 июлда имзоланган. Ҳужжатда «Олтин қум», «Дилором», «Роҳат» ва қурилиши битмаган «Бўстон» пансионатлари ўзбекистонлик инвесторларга узоқ муддатли фойдаланиш учун 49 йилга, ер участкалари эса ижара асосида ўтказилиши кўрсатилган. Бунинг эвазига инвесторлар объектларни реконструкция қилиб, уларни уч ёки тўрт юлдуз даражасига олиб чиқадилар. Пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.

Бунда:

👉 «Олтин қум» пансионати «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилади;

👉 «Дилором» пансионати – «Асакабанк» акциядорлик жамиятига;

👉 «Роҳат» пансионати – «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки» акциядорлик жамиятига;

👉 қурилиши тугалланмаган «Бўстон» объекти – «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик жамиятига.

Ҳар бир объект учун тахминий сармоя миқдори 15-20 миллион долларни ташкил қилади.

ℹ️ Иссиқкўлда ўзбек пансионатлари 1960 йиллар охирида СССР Вазирлар Кенгаши бу кўлни Бутуниттифоқ курорт деб эълон қилганидан кейин пайдо бўлган ва Қирғизистон ССРда пансионатлар қуриш учун маблағ йўқлиги сабабли буни амалга ошириш бошқа республикаларга берилган. Натижада қўшни ва бадавлат Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари Иссиқкўлда тўрттадан пансионат қуришган.

СССР парчаланганидан кейин бу мулклар бўлина бошланган. 1992 йили томонлар пансионатлар Қирғизистон мулкига ўтиши, аммо МДҲнинг бошқа давлатлари юридик шахслари улардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида келишиб оладилар. Яъни Қирғизистон бу пансионатлар учун ижара ҳақи ола бошлайди. 2008 йил март ойида Тошкент Иссиқкўлдаги тўртта пансионатга эгалик ҳуқуқи тан олинишига уринган, лекин бу амалга ошмаган.

2016 йили Бишкек юқорида тилга олинган пансионатларни Қирғизистон балансига ўтказишга қарор қилади. Тошкент АҚШдаги халқаро арбитраж судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда Қирғизистон томони 65 миллион доллар товон тўлашини талаб қилади. 2017 йили Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонга муаммони тинч йўл билан ҳал этиш, тўртта пансионатни қайтариш, аризани қайтариб олишни таклиф қилади. Лекин ўзбек томони даъво аризасини қайтариб олмайди ва оқибатда судда ютиб чиқади: Қирғизистон Ўзбекистонга 40 миллион доллардан кўпроқ пул тўлашга мажбур бўлади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров унинг мамлакати бундай суммани тўлашга қодир эмаслигини таъкидлайди.

«Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йилга ижарага бера олишимиз ҳақида келишиб олдик, улар пансионатларни тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар даражасида модернизация қилишади: Бизнинг суд қарорида айтилган миқдорда суммани тўлашга имконимиз йўқ», — деганди Жапаров.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди