Қозоғистонда Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари Бекетаев иши махфийлик тусини олди

Марат Бекетаев. nur.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ Адлия вазири, мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланаётган Марат Бекетаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш «махфийлик» грифи остида текширилмоқда. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси мажлиси чоғида Коррупцияга қарши кураш агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Улан Сарқулов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Журналистлар Сарқуловдан Бекетаевнинг иши «Болашак» консалтинг компанияси бош директорига қарши терговга алоқадорми ёки йўқлигини сўрашди. «Ишлар «махфий» деб таснифланган. Миллионлаб доллар йўқотилган ва ечим топилмаган арбитраж масалалари республика фойдасига ҳал бўлмагани учун ҳозир тегишли текширувлар олиб борилмоқда», — деди у.

Гап битта ёки бир нечта иш ҳақида кетяптими, деган саволга агентлик раиси ўринбосари жавоб бермади.

«Ишлар махфийлик тусини олган. Улар бир хилми ёки икки хилми, ҳозир айта олмайман. Ишлар мавжуд, уларга албатта ҳуқуқий баҳо берамиз», — дея қўшимча қилган Сарқулов.

Коррупцияга қарши кураш хизмати ходимлари Марат Бекетаевни 2023 йил октабрь ойида ҳибсга олишган. Собиқ амалдор (2016-2022 йиллари Адлия вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаган) хорижга олиб чиқилган активларни топиш ва қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида ҳибсга олинган. «У очиқдан-очиқ кераксиз хизматлар кўрсатиш бўйича йиллик шартномалар тузиб, шўъба компания манфаатларини ҳимоя қилган ва бу билан давлатга катта миқдорда зарар етказган», — дейилади Антикор баёнотида.

Бир неча кундан сўнг Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев журналистларга Бекетаев Қозоғистондан қочишга уринган пайтда қўлга олинганини маълум қилган.

Қозоғистон ОАВлари Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари активларини четга олиб чиқишда гумон қилинаётган Bolashak Consulting Group компанияси ишида аввалига гувоҳ, кейин эса гумонланувчи бўлганини ёзганди. Айни компания аввали Қозоғистон манфаатларини хорижда ҳимоя қилган, жумладан, молдовалик тадбиркорлар Габриэл ва Анатол Статига қарши шов-шувли ишда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди