Жалолободда «Қурманбек» стадиони реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди. Бу ерда маҳаллий «Мурас Юнайтед» ҳамда Бишкекнинг «Илбирс» клублари ўртасида Қирғизистон Премер-лигасининг илк учрашуви бўлиб ўтди.
Стадионнинг очилиш маросимида Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) раҳбари Қамчибек Ташиев иштирок этиб, мухлисларни муҳим воқеа билан табриклади.
ҚФИ матбуот хизмати хабарига кўра, стадион гибрид ўйин майдонига эга, 5000 томошабинга мўлжалланган ва кечки пайт учрашувларни ўтказиш имконини берувчи кучли ёритиш лампалари мавжуд. Айнан шу стадионда Қирғизистонда илк VAR тизими ўрнатилиши режалаштирилган.
«Стадиондаги шароит Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) талабларига тўлиқ жавоб беради, Бу ерда халқаро ўйин ва мусобақаларни ўтказиш мумкин», — дейилади хабарда.
Аниқлик киритилишича, стадионни реконструкция қилиш ишлари ҚФИ ва Жалолобод шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган.
Янги стадионда «Мурас Юнайтед» ва «Илбирс» клублари ўртасидаги илк футбол учрашуви тўлиқ трибуналар қаршисида ўтказилди ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев жорий йилнинг февраль ойидан ҚФИни бошқарадиган бўлди. У Қирғизистонни «футбол мамлакати»га айлантиришга ваъда берди. Ташиев ўз нутқида режалар, жумладан, бутун мамлакат бўйлаб стадионларни реконструкция қилиш ҳақида маълум қилди. 2024 йил охиригача республиканинг турли ҳудудларида яна бир нечта футбол майдонларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
«Яқин ойларда ҳар бир шаҳар ва туманда футбол стадионлари бўлиши керак. Ҳар бир қишлоқда футбол майдончалари қурилади», — деди ҚФИнинг янги раҳбари.