Туркманистон олис аҳоли пунктларида қуёш электр станцияларини қуриш учун 4,17 миллион доллар миқдорида грант олади. Келишув 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган иқлим саммитида имзоланди, деб хабар берди БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД).
«Туркманистоннинг олис аҳоли пунктлари учун энергетик ўтишни қўллаб-қувватлаш» номли беш йиллик лойиҳа Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилмоқда. Ушбу лойиҳани БМТнинг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси (ЮНОПС) Марказий Осиё республикасининг энергетика ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширади.
Дастур доирасида умумий қуввати 2 МВт гача бўлган ўнтагача қуёш мини-электр станциясини ўрнатиш кўзда тутилган. Улар электр таъминоти асосан дизель генераторлари ёрдамида таъминланадиган олис қишлоқлар учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, мутахассислар яна 120 та аҳоли пунктида шу каби иншоотларни барпо этиш имконияти бўйича техник-иқтисодий асослар ва техник ечимларни тайёрлайди. Бироқ уларни амалда қуриш мазкур лойиҳа доирасида назарда тутилмаган. Дастурни кенгайтириш учун қўшимча молиялаштириш талаб этилади.
Туркманистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда. 2022 йили ҳукумат Болқон вилоятида «Олтин Асир» кўли ҳудудидаги аҳоли масканларини электр билан таъминлашга мўлжалланган қуввати 10 МВт бўлган аралаш қуёш-шамол электр станцияси лойиҳасини амалга оширишга киришган эди. Дастлаб иншоотни 2024 йил январь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган эди, бироқ муддат чўзилиб кетди. Жорий йилнинг апрель ойида Энергетика вазири ўринбосари Сердар Сапаров станция ишга туширишга тайёрланганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Туркманистон Хитойнинг Power China компаниясининг имтиёзли узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилган ҳолда 300 мегаватт қувватли қуёш электр станциясини қуриш бўйича таклифини ўрганмоқда. Шартнома имзолангани ва ишлар бошлангани ҳақида ҳозирча хабар берилмаган.
Ижтимоий инфратузилмада кичик ҳажмдаги қуёш қурилмаларидан аллақачон фойдаланилмоқда. 2026 йил июль ойида БМТТД Мари вилоятининг Йўлўтен шаҳридаги шифохонада умумий қуввати 30 кВт бўлган иккита фотоэлектрик тизимни ўрнатишни якунлади. Улар тиббиёт муассасасини 12 соатгача захира электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга аккумуляторлар билан жиҳозланган. Бундан олдинроқ ЮНИСЕФ мазкур ҳудуддаги Талхатанбобо қишлоқ тиббиёт марказига қуёш тизимини ўрнатган эди.
Шу билан бирга, улкан энергетика захираларига эга бўлган Туркманистон аҳолини электр энергияси билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда умумий қуввати салкам 7 минг МВт бўлган 11 та электр станцияси ишлаб турибди. Бироқ айрим минтақалар аҳолиси электрнинг узоқ вақт давомида ўчиб қолишига мунтазам дуч келмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида Мари вилояти аҳолиси электр энергияси деярли бутунлай йўқлигидан шикоят қилгани хабар берилган эди. «Азатлиқ» маълумотларига кўра, минтақанинг айрим аҳоли пунктларига электр қуввати суткасига ўртача атиги беш соат узатилган. Бундай узилишлар корхоналар, давлат муассасалари ва сув таъминоти тизимлари фаолиятини қийинлаштирган.



