Қирғизистон президенти Садир Жапаров «қўйнида тоши бор» «ноинсоф сиёсатчилар» республика жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида миллатлараро низо чиқариш режаларини муҳокама қилаётганини билдирди. Бундай фитначиларнинг мақсади — келаси йилнинг январига белгиланган президентлик сайловини барбод қилиш учун тартибсизликлар келтириб чиқаришдан иборат. Бундай маълумотлар «бир қатор манбалардан» келиб тушганини давлат раҳбари ўз Facebook саҳифасида ёзди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирча бу фақат гап-сўзлар, аммо мазкур ёвуз ниятларнинг ҳаётга кўчиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
«Гап шундаки, ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида низо қўзғатиш учун йўқ жойдан муаммо яратиш, яъни одамларнинг туйғулари билан ўйнашадиган ва миллий ғурурига тегадиган турли ёлғон миш-мишларни тарқатишнинг ўзи кифоя», — дея фикрини тушунтирди президент.
У мамлакат 1990 ва 2010 йилларда ҳам шу каби фожиаларни бошидан кечирганини эслатди. Ўшанда тинч аҳоли ҳалок бўлган, аммо миллатлараро тўқнашув ташкилотчилари ҳеч қандай жазога тортилмаган. Зеро, давлат раҳбари қайд этганидек, улар ўзаро адоватни қўзғатиб, ўзлари эса четда воқеаларни мамнуният билан кузатиб турадилар. Бундан ташқари, ўша воқеалардан сўнг оддий оилаларнинг фарзандлари умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган.
Шу муносабат билан Жапаров аҳолини — қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам фитнакорона чақириқларга учмасликка ва ўзларини низога тортишларига йўл қўймасликка чақирди.
Президент алоҳида тарзда оқсоқолларга мурожаат қилиб, 20-25 ёшдаги қайноққон ёшларни миллатлараро тўқнашувларнинг оқибатлари нақадар фожиали бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришни сўради.
Шу билан бирга, республика етакчиси бугунги Қирғизистон аввалгидек заиф давлат эмаслигини алоҳида қайд этди. Агар хавфли вазият юзага келса, давлатнинг бир-икки кун ичида тартибсизликларга барҳам беришга кучи ҳам, имконияти ҳам етарли.
Жапаров «ноинсоф сиёсатчилар» илгари бошқа бузғунчи ғояларни тарқатганини ёзди. Унинг таъкидлашича, халқ Хитой мавзуси атрофидаги провокацияларга учмаганидан кейин, икки қардош халқ — ўзбеклар ва қирғизларни бўлиб ташлаш ва бир-бирига қайраш режалари пайдо бўлган. Президент ғаразгўйлар орасида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши якунланишидан хавфсираётганлар ҳам борлигини қўшимча қилиб, бундай шахсларни «узоқни кўра олмайдиган, тор фикрли ва паст ниятли одамлар» деб атади.
У мухолифларига огоҳлантириш билан мурожаат қилиб, бугун ҳуқуқ-тартибот идоралари улкан техник имкониятларга эга эканини эслатди: бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб видеокамералар ишламоқда. Шу сабабли ҳар қандай жиноий режа 40 дақиқа ичида фош этилади, деб ёзди давлат раҳбари.
«Ва тегишли органлар сизларни жавобгарликка тортаётганда, панжара ортида ўтириб: “Мен мутлақо покман, мени фақат сиёсий сабабларга кўра қамоққа олишди, ноҳақ судлашмоқда”, деб бақирманг. Кеч бўлмасдан эсингизни йиғинг ва қонунга хилоф хатти-ҳаракатларингизни тўхтатинг! <…> 30 йил давомида парокандаликдан чиқа олмай, охир-оқибат ботқоққа ботиб қолганимизни халқ ҳали унутгани йўқ. Эндигина ундан чиқиб, дадил олдинга силжий бошладик», — дея хулоса қилди Жапаров.



