Тошкент Ботаника боғида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги нишонланади

Фестиваль ташкилотчилари фотосурати

18 май куни Тошкент Ботаника боғида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтади. Кўргазма, фестиваль ва гала-концерт ўтказиш режалаштирилган, дейилади Европа Иттифоқининг Марказий Осиё республикасидаги делегацияси пресс-релизида.

Тадбирга ташриф буюрувчилар Европа Иттифоқи ва ушбу ташкилотга аъзо бўлган алоҳида давлатлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурлар кўргазмаси билан танишишлари мумкин. Гап савдо, бандлик, инсон ҳуқуқлари, қишлоқ хўжалиги, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда. Шунингдек, кўргазма доирасида «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва унга шай туриш» мавзусида интерфаол ўйин, савол-жавоб, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остидаги маҳсулотларни дегустация қилиш ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтади.

Шу билан бирга, Ботаника боғида кўнгилочар тадбирларни ўз ичига олган фестиваль ўтказилади. Жамоавий ўйинлар, Европа мавзуларида викториналар, расм чизиш ва рақс бўйича маҳорат дарслари ундан ўрин олади.

Байрамнинг кулминацион нуқтаси таниқли ижрочилар ва ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокидаги гала-концерт бўлади.

«Ўттиз йиллик ҳамкорликнинг муҳим босқичини нишонлар эканмиз, биз эришган ютуқларимиз, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ва умумий манфаатлар мустаҳкамланиб бораётганидан фахрланамиз. Икки томонлама ҳамкорлигимиз тарихида ҳеч қачон сиёсий алоқалар юқори даражадаги кўплаб учрашувлар, жумладан, Европа Иттифоқи президенти Шарль Мишелнинг 2022 йили Ўзбекистонга ташрифи чоғида бу қадар динамик бўлмаган», — дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё республикасидаги элчиси Шарлотта Адриан.

У қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади:

✅ демократик бошқарув;

✅ рақамли инновациялар;

✅ инклюзив ўсиш;

✅ барқарор қишлоқ хўжалиги;

✅ аёллар ҳуқуқлари.

ℹ️ Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик муносабатлари 1994 йили ўрнатилган. Европа Иттифоқи қитъадаги 27 мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий иттифоқи бўлиб, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш қадриятларига асосланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди