Саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндан эронлик режиссёр Расулоф яширинча ватанини тарк этган

Муҳаммад Расулоф. theins.ru сайти фотосурати

Эронлик режиссёр Муҳаммад Расулоф (Mohammad Rasoulof) Теҳрон суди уни саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганидан кейин яширинча ватанини тарк этган. Қочиб кетгани ҳақида маҳкумнинг ўзи ижтимоий тармоқларда ёзган, деб хабар беради IndieWire.

Ушбу ОАВ Расулоф баёнотининг тўлиқ матнини тақдим этади, унда аниқ сабабларга кўра унинг ҳозир қаерда яшаши аниқланмаган. Режиссёр фақат узоқ ва машаққатли саёҳатдан сўнг Европага етиб келганига ойдинлик киритган.

Эронликнинг ёзишича, ватанини тарк этиш ғояси адвокатлар апелляция суди ҳукмни тасдиқлагани ва унинг ҳибсга олиниши кутилаётгани ҳақида хабар берганидан сўнг пайдо бўлган.

«Қарор қабул қилишга кўп вақтим бўлмади. Мен қамоқхона ёки Эронни тарк этишни танлашим керак эди. Мен қалб оғриқлари ила муҳожирликни танладим. 2017 йил сентябрида Ислом Республикаси паспортимни олиб қўйганди. Шунинг учун мен Эронни яширинча тарк этишга мажбур бўлдим», — деб тушунтиради режиссёр.

Расулоф қўшимча қилишича, унинг жазосини ҳалиям юмшоқ деб аташ мумкин, зеро Ислом Республикаси расмийлари баъзида шафқатсизроқ ва ғалати қарорларни чиқаради. У ўлим жазосини кутиб панжара ортида ўтирган ёш рэп ижрочиси Тоумаж Салеҳининг ҳикоясини мисол қилиб келтиради.

«Қатағон кўлами ва шиддати шу қадар шафқатсизлик даражасига етдики, одамлар ҳукуматнинг навбатдаги жирканч жинояти ҳақида ҳар куни хабар кутишади», — деб ёзади Расулоф.

Режиссёр судланишига сабаб бўлган ўзининг «Муқаддас анжир уруғи» фильми мавзусига тўхталиб ўтади. Унинг сўзларига кўра, бутун суратга олиш гуруҳи расмийлар томонидан босимга учраган: операторнинг жиҳозлари олиб қўйилган, овоз муҳандисига Канадага бориш тақиқланган, айрим актёрлар зудлик билан Эронни тарк этишга мажбур бўлишган. Сўроқ пайтида хавфсизлик кучлари суратга олиш гуруҳи аъзоларини Расулофни фильмни Канн кинофестивалидан олиб ташлашга кўндиришга мажбур қилишган.

«Фильмни суратга олиш жараёнида мен, ҳамкасбларим ва дўстларим дуч келган улкан чекловларга қарамай, мен Ислом Республикасида цензура ҳукмрон бўлган воқеликдан узоқроқ ва ҳақиқатга яқинроқ бўлган кино тарифини яратишга ҳаракат қилдим. <…> Сўз эркинлигини баланд овозда ва аниқ ҳимоя қилиш керак», — дея ҳулоса қилади режиссёр.

Теҳрон инқилобий судининг судясига бағишланган «Муқаддас анжир уруғи» фильмининг премьераси 14-25 май кунлари бўлиб ўтаётган Канн кинофестивали доирасида кенг оммага намойиш этилди.

Режиссёрнинг адвокати Бабак Пакния француз ОАВларига Расулоф Каннга бориб, ўз лойиҳасини шахсан тақдим этиш ниятида эканини айтган.

Расулофнинг янги жазога ҳукм этилгани ўтган ҳафта маълум бўлди. Теҳрон суди ҳукмига кўра, режиссёр саккиз йиллик қамоқ, калтакланиш, жаримага тортилиши ва мулки мусодара қилиниши жазосига маҳкум этилган.

Адвокатнинг аниқлик киритишича, жиноий жавобгарликка тортилишига унинг ҳимояси остидаги шахснинг ошкора баёнотлари, шунингдек расмийларга кўра, «мамлакат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш ниятида тил бириктирганлик намунаси бўлган» бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратгани сабаб бўлган.

ℹ️ 2020 йили Расулоф Берлиналеда бош мукофотни «Ёмонлик мавжуд эмас» (There Is No Evil) фильми учун қўлга киритган, унда зулм остидаги эркинлик мавзусига оид тўртта воқеа ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўша йили Эрон суди режиссёрни «давлат тизимига қарши тарғиботда» айблаб, бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди