Махсус комиссия қирғиз ўқувчиларини юк машинаси уриб юборгани билан боғлиқ ҳодиса бўйича терговни якунлади

Ўтовни босиб кетган мини юк машинаси. kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғига кўра тузилган идоралараро комиссия 2 май куни Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида юк машинаси мактаб ўқувчиларини уриб юбориши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан текширувни якунлади. Мутахассислар айбни маҳаллий ҳокимият вакиллари зиммасига юклади, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Комиссия аъзолари ўз хулосаларида Жерге-Таль қишлоғида ўтказилган «Урааным Манас» мусобақаси ташкилотчилари тадбир иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўрмаганини алоҳида таъкидлаган. Туман ва вилоят ҳокимликлари билан етарли муносабатда бўлмаган ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, таълим муассасаларининг масъул ходимлари етарли даражада ишлашмаган.

Масалан, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган танловнинг аниқ санаси тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига хабар берилмаган. Махсус комиссия аъзолари бу камчиликни 1 майдан 5 майгача республикада дам олиш кунлари деб эълон қилингани билан изоҳланишини тахмин қилади.

Бундан ташқари, маълум бўлишича,

«Манас» достонини ўқишда тумандаги 18 та мактабдан 2 минг 878 нафар ўқувчи, 341 нафар ўқитувчи иштирок этган. Аммо уларнинг хавфсизлигини фақат иккита йўл полицияси инспектори таъминлаган.

«Воқеа ҳолатларини ўрганиш натижаларига кўра, идоралараро комиссия интизомий жазо чораларини қўллаш, шунингдек, тегишли вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишни тавсия қилди», — дейилади экспертлар хулосасида.

Аниқлик киритилишича, айни дамда 21 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган, яна олти нафарига нисбатан ишдан бўшатиш таклифи илгари сурилган.

ℹ️ 2 май куни ҳайдовчисиз қолган Hyundai Porter мини-юк машинаси тепаликдан пастга ҳаракатланиб, асосан 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар билан тўла ўтовни уриб кетган. Дастлаб 29 та бола жарблангани ҳақида хабар берилган, кейинчалик уларнинг сони 35 кишига етган.

Ҳайдовчи ўқувчилар учун музқаймоқ олиб келганини, бироқ уни қаерга етказиб беришни аниқлаш учун мактаб директорига қўнғироқ қилиш мақсадида кабинадан тушганидан сўнг машинаси ҳаракатлана бошлаганини тушунтирган. У буни жуда кеч пайқаб қолган ва юк машинасини қувлаб етолмаган. Ҳайдовчига нисбатан республика Жиноят кодексининг 312-моддаси («Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган.

Воқеа фонида маҳаллий туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, унинг ўринбосари, шунингдек, болалар тадбири бўлиб ўтаётган ҳудудга хизмат кўрсатувчи Октябрь қишлоғи Ички ишлар бўлими бошлиғи ишдан бўшатилгани хабар қилинганди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақада хавфсизликни етарли даражада таъминламаган 12 нафар ИИВ ходими интизомий жавобгарликка тортилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди