Санкт-Петербургда дарёга қулаб тушган автобус йўловчиларини қутқариб қолган Қозоғистон фуқароси тақдирланди

Ерхан Аханов. "Фонтанка.ру" фотосурати

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов 10 май куни Мойка дарёсига қулаб тушган автобус йўловчиларини қутқаришда иштирок этган одамларга мукофотлар ва эсдалик соатларини топширди. «Фонтанка» маълумотларига кўра, 15 киши мукофот олган. Улар орасида қозоғистонлик Ерхан Аханов ҳам бўлган.

Эркак ичимлик суви етказиб бериш корхонасида ишлайди, воқеа содир бўлган куни у хизмат машинасида авария жойидан ўтиб кетаётган бўлган.

КТК телеканалининг хабар беришича, Аханов 25 ёшда ва Шахтинскда (Қарағанда вилоятидаги шаҳар) туғилган. Болалигидан спорт билан шуғулланган, бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Қозоғистон чемпиони. Армиядан кейин у Санкт-Петербургга кетган, у ерда уйланган, ишлайди ва яқинда университетга ўқишга кирган. Ерханнинг онаси, отаси ва холаси Қозоғистон полициясида хизмат қилади.

Ахановнинг «Фонтанка»га таъкидлашича, у чўкиб кетаётган автобусни кўриб, одамларни қутқариш учун дастлаб сувга сакраб тушмоқчи бўлган, бироқ бошқа гувоҳлар уни бу фикрдан қайтаришган. Кейин машинага югуриб бориб, юкхонадан арқонни олиб, панжарага боғлаган. Шу йўл билан у ва яна бир қанча гувоҳлар навбатма-навбат пастга тушиб, автобус томон сузиб боришган.

«Йигитлар люкни очишди ва аёлни ташқарига чиқара бошладилар, мен унга биринчи ёрдам кўрсатиш учун юрагини массаж қила бошладим, аёлнинг қайт қилиш рефлеси ишлай бошлади, уни ёндош ётқазиб, яна юрагини массаж қила бошладим. Йигитлардан бири унга сунъий нафас бериш орқали ёрдам бера бошлади», — дейди у.

Санкт-Петербург губернатори қозоғистонлик эркакга «Нажотдаги жасорати учун» нишонини топширган. Ушбу белги 2020 йилда ташкил этилган. У «шаҳарда эътироф этилган, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини сақлаш учун хизмат ёки фуқаролик бурчини бажаришда жасорат ва фидойилик кўрсатган тиббиёт ходимлари, қутқарувчилар ва бошқа шахсларнинг ажойиб хизматлари учун» тақдирланади.

10 май куни йўловчи автобуси Большая Морская кўчасидан бурилади. Поцелуев кўпригида у бир нечта машинани уриб юборади ва Мойка дарёсига қулайди. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлган. Расмийларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қўйган ва авариядан сўнг қўлга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди