Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчилари 26,6 миллиард долларлик шартномаларни имзолади

Ўзбекистон ИССВ матбуот маркази фотосурати

III Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари бўйича 26,6 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Бу Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун жозибадор экани ва мазкур тадбир муваффақиятини билдиради, деб таъкидлайди республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Расмийлар ўтган йилги форум кўрсаткичларини келтиришади, унда иштирокчилар 11 миллиард долларлик 167 та шартнома имзолаган, бу сафар қанча ҳужжат имзолангани аниқланмаган.

Бироқ, ИССВ бир нечта энг муҳим лойиҳаларга аниқлик киритган. Шундай қилиб, Саудия Арабистонининг Data Volt компанияси «Янги Тошкент»да шаҳар инфратузилмасини қуриш учун 1 миллиард доллар, шунингдек, «яшил технологиялар»га асосланган маълумотларни қайта ишлаш марказига 3 миллиард доллар сармоя киритади. Мазкур мамлакат вакили бўлмиш Acwa Power корпорацияси Қорақалпоғистонда 5 ГВт қувватга эга электр станциясини қуради ва 2 ГВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш мосламаларини яратади. Ушбу лойиҳаларнинг қиймати 6,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари:

✅ Amea Power (БАА) Қорақалпоғистонда 1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуради. Инвестициялар — 1,1 миллиард доллар;

✅ Saudi Tabrid (Саудия Арабистони) Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилади. Инвестициялар — 750 миллион доллар;

✅ Nil Shugar (Миср) Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириб, шакар ишлаб чиқаради. Инвестициялар — 500 миллион доллар;

✅ Shanghai Knud International (Хитой) Наманган вилоятида тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади. Инвестициялар — 205 миллион доллар;

✅ Wilmar International (Сингапур) Тошкент вилоятида қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Инвестициялар — 200 миллион доллар.

Қайд этилишича, форумнинг асосий воқеаларидан бири Марказий Осиё учун муҳим бўлган энергетика лойиҳалари: Қамбарота ГЭС-1 ва Ёвон ГЭСи қурилиши тақдимоти бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат раҳбарларининг хорижий сармоядорларга сўзлаб бергани, мазкур объектларнинг минтақа учун алоҳида аҳамиятини яна бир бор таъкидлайди.

ИССВнинг қўшимча қилишича, Тошкентдаги форум панел сессиялари, муҳокамалар, бизнес нонушта ва давра суҳбатларига бой дастурни ўз ичига олган. Тадбирда иқтисодиётни ривожлантириш, сармоя киритиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган. Учрашувлар натижасида эришилган келишувлар саноат, энергетика, фармацевтика ва автомобилсозлик каби соҳаларни қамраб олади.

ℹ️ 2-3 май кунлари Ўзбекистон пойтахтида III Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида 93 мамлакатдан 2,5 мингдан ортиқ ишбилармонлар иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ