Нобель мукофоти лауреати Наргес Муҳаммадийнинг қамоқдаги жазо муддати узайтирилди

Наргес Муҳаммадий. biographylane.com сайти фотосурати

2023 йили Тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган қамоқдаги эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргес Муҳаммадийнинг (Narges Mohammadi) қамоқдаги жазо муддати узайтирилди. Ислом инқилоби суди уни Эронга қарши ташвиқотларда айблаб, 15 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар беради AP.

Ҳуқуқ ҳимоячиси жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга икки йил давомида Теҳрон ёки пойтахтга туташ вилоятларда яшаш, мамлакатни тарк этиш, ижтимоий-сиёсий гуруҳларга аъзо бўлиш, мобил телефондан фойдаланиш тақиқланади.

Ҳозирда Наргес Муҳаммадий Эрондаги ҳукмрон тузумга қарши тарғибот, ҳокимиятга туҳмат ва қамоқхонада итоатсизлик қилгани учун Эвин қамоқхонасида 30 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг оиласи янги ҳукм 19 декабрь куни чиқарилганини маълум қилиб, бу Муҳаммадийнинг 2021 йилдан бери олган бешинчи ҳукми эканини таъкидлайди. Наргес суд мажлисларида қатнашишдан ёки сўроқларда қатнашишдан бош тортган.

ℹ️ Наргес Муҳаммадий 1972 йил 21 апрелда Эронда туғилган. Имом Хомайний номидаги халқаро университетининг физика факультетини тамомлаган. У талабалик йилларида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган, кейинроқ аёллар журнали Payman Pajarда ишлай бошлаган, «Ислоҳотлар, стратегия ва тактика» номли сиёсий очерклар китобини чоп этган.

Муҳаммадийнинг турмуш ўртоғи журналист ва таниқли фаол Таги Раҳмоний. 2012 йили 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, Эрондан Францияга кўчиб ўтган. Эр-хотиннинг икки фарзанди бор.

Эрон ҳукумати Наргес Муҳаммадийни 13 марта ҳибсга олган, беш марта айбдор деб топган ва жами 31 йил қамоқ ва 154 дарра уришга ҳукм қилган.

2023 йили ҳуқуқ ҳимоячиси CNN телеканалига қамоқхонадан мактуб йўллаб, унда Эрон ҳукуматининг мажбурий ҳижобда бўлиш талабига қарши чиққан, буни «аёлларга қарши ёлғон схема» ва «диний ҳукуматнинг ўз кучини кучайтириш воситаси» деб атаган.

Ўтган август ойида Муҳаммадий қамоқхонада жинсий зўравонлик «тизимли ҳолат» бўлиб қолгани ҳақида ОАВга берган интервьюсидан кейин қўшимча бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Эрон ҳукумати бу айбловларни рад этиб, уларни «ёлғон» ва «асоссиз» деб атаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди