Арон Отабекнинг қизи Қозоғистон президентидан шоирни вафотидан сўнг оқлашни сўради

Арон Отабек. Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат

Қозоғистонлик шоир ва диссидент Арон Отабек вафотининг беш йиллигида унинг қизи Олма Нутушева республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга мурожаат қилиб, отасини вафотидан сўнг оқлашни ҳамда унинг мамлакат олдидаги хизматларини тан олишни сўради.

Нутушева ўз мурожаатида Отабекнинг 1986 йилги декабрь воқеаларини тан олинишига эришган ва Олмаотанинг Шанироқ микрорайони аҳолисига уй-жойларини қонунийлаштиришда кўмаклашган жамоатчилик фаолиятини эслатиб ўтди.

Шоирнинг қизи ўз фуқаролик позицияси учун отаси калтаклар, очлик ва таҳқирларга дучор бўлган йиллар давомидаги тутқунлик билан бадал тўлаганини таъкидлади. Вафотидан беш йил ўтиб ҳам у отасининг пок номини тиклашга интилмоқда.

«Аввалги ҳокимиятнинг хатоларини тан олинг. Ўз халқининг қаҳрамони ва жафокаш арвоҳига ором беринг. Отамга ҳеч бўлмаганда вафотидан сўнг оқлов беринг», — дея мурожаат қилади Олма Нутушева президентга.

Шоир ва диссидент Арон Отабек 2008 йил 5 октябрда 18 йил муддатга колонияга ҳукм қилинган эди. У 2006 йилда Шанироқ микрорайонида одамни гаровга олиш, полициячини ўлдириш ва оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбланганди.

У айбини тан олмаган, шу сабабли шартли равишда муддатидан илгари озод қилишни ёки жазони енгиллаштиришни сўрамаган. 15 йиллик қамоқдан сўнг — 2021 йил октябрида — шоир соғлиғи сабабли озод этилди. Бир неча ҳафта ўтгач, у коронавирус пневмонияси билан жонлантириш бўлимига тушди. Арон Отабек 2021 йил 24 ноябрда 68 ёшида вафот этди. У Олмаотада дафн қилинган.

Озодликка чиққанидан сўнг у ўзини «ўлиш учун чиқариб юборишганини» айтган, шунингдек, колонияда қийноқларга дучор бўлганини билдирганди. Отабекнинг тарафдорлари шоир ҳокимиятни кескин танқид қилгани ва улар учун ноқулай бўлган жамоатчилик фаолияти сабабли қамоққа ташлангани ҳақидаги тахминни бир неча бор илгари сурган. Қозоғистон расмийлари унинг таъқиб этилиши сиёсий хусусиятга эгалигини, шунингдек, мамлакатда умуман сиёсий маҳбуслар борлигини рад этиб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ