Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар ажратади

afrinz.ru сайтидан олинган сурат

Жаҳон банки (ЖБ) Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 млн доллар миқдоридаги молиялаштиришни маъқуллади. Хусусан, гап юқори маошли иш ўринларини яратиш, хусусий секторни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган ўзгаришлар ҳақида бормоқда, дейилади халқаро ташкилотнинг сайтида.

ЖБ қўшимча қилишича, ислоҳотлар республиканинг барча ҳудудларида хотин-қизлар, фермерлар ва корхоналарнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Экспертларнинг прогнозларига кўра, 2029–2031 йилларда ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар 275 мингта қўшимча ва янада сифатли иш ўринлари яратилишига ёрдам беради.

Жаҳон банки халқаро институтнинг молиявий кўмагида Ўзбекистонда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг асосий йўналишларини маълум қилди.

Хотин-қизларни иқтисодиётга янада фаол жалб этиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида мамлакатда ижтимоий суғурта дастурларини, жумладан ҳомиладорлик ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлаш тизимини кенгайтириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ажратилган маблағлар иш жойларида максимал даражада хавфсиз меҳнат шароитларини ва аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминловчи механизмларни такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг заиф қатламларига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга йўналтирилади.

Нодавлат бизнеси учун янги имкониятлар яратилиши хусусий секторнинг рақобатбардошлигини оширишга олиб келиши лозим. Бу жараён инвестицияларни кўпайтиришни, инновацион технологияларни жорий этишни ҳамда юқори даромадли иш ўринларини пайдо қилишни назарда тутади.

Ислоҳотларнинг бир қисми IT соҳасига дахлдор бўлади. Масалан, корхоналар булутли сервислар ва халқаро рақамли платформалардан, жумладан шахсий маълумотларни ҳимоя қилишда осонроқ фойдаланишлари учун маълумотларни чегара оша хавфсиз узатиш қоидаларини такомиллаштириш ҳақида сўз бормоқда. 2028 йилга бориб кенг полосали алоқа фойдаланувчилари сонини 500 минг кишига ошириш кутилмоқда, уларнинг ярми хотин-қизлар бўлади.

Электр энергияси ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи меъёрий база ва институтларни мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу бир йилдан сўнг электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарувидаги тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатилишига олиб келади. Бундан ташқари, корхоналарни «яшил» технологияларга ўтишга рағбатлантириш жараёни йўлга қўйилади. Тегишли дастур доирасида 10 млн доллар миқдорида инвестициялар жалб этилади ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги генерация қуввати 3 минг МВтга етказилади.

ЖБ кўмаги ҳисобидан республикада фермерларни қурғоқчилик, тошқинлар ва бошқа экстремал табиат ҳодисаларидан ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқ хўжалигини суғурталаш тизими кенг жорий этилади.

Ниҳоят, маблағнинг бир қисми савдони модернизациялаш ва рақамлаштиришга, божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга сарфланади. Бундай ёндашув импорт-экспорт битимларини янада осон ва арзон қилади ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) киришига ҳисса қўшади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ