Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия, Ўмон ва Иорданияга амалга оширилган давлат ташрифлари якунларини сарҳисоб қилди. Бунда Марказий Осиё республикаси етакчиси асосий эътиборни иқтисодий ҳамда савдо-инвестициявий ҳамкорликка қаратди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Мирзиёев таъкидлаганидек, ноябрь ойининг иккинчи ярмида Яқин Шарққа амалга оширилган сафарлар доирасида стратегик шериклик тўғрисида келишувлар имзоланди, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорлик бўйича кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди.
Жумладан, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида 30 дан зиёд икки томонлама ҳужжат қабул қилиниб, биргаликдаги инвестиция лойиҳалари тўплами 5 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланди.
Давлат раҳбарлари энергетика, электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, молия ва рақамли технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.
Иорданияга ташриф чоғида 19 та битим имзоланди, улардан энг муҳими имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувдир. Мазкур ҳужжат туфайли томонлар яқин истиқболда товар айирбошлашни 500 миллион долларлик маррага етказиш учун экспорт-импорт амалиётлари ҳажмини оширишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, муҳим хомашё ресурсларини ўзлаштириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва агросаноат кластерларини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.
Президент, шунингдек, Анқарага январь ойида уюштирилган ташриф ҳамда ноябрда Тошкентда ўтган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия кенгашининг тўртинчи йиғилиши доирасида эришилган келишувларни ёдга олди.
Хусусан, томонлар ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш вазифасини қўйдилар. Шу билан бирга, 150 дан зиёд турк ширкати қатнашган Тошкент саммити якунлари бўйича 11,2 миллиард долларлик инвестициявий ва савдо битимлари тузилди. Паррандачилик ва боғдорчилик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, геология, қурилиш ва туризм соҳаларида шериклик учун янги имкониятлар очилмоқда.
Мирзиёев имзоланган барча ҳужжатлар ижросини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишни, хусусан, уларни молиялаштириш ва зарур инфратузилма яратиш масалаларини тезлаштириш ўта муҳимлигини қайд этди.
Мутасаддиларга Ўмон, Иордания ва Туркия билан ҳамкорлик бўйича аниқ тадбирлар, уларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилган алоҳида «йўл хариталари»ни тайёрлаш топширилди.



