Россия Федерациясининг Курск вилояти Льгов шаҳрида шаурмадан оммавий заҳарланиш ва қизнинг ўлими бўйича тўрт нафар Тожикистон фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Россия ҳудудий суд тизими қўшма матбуот хизмати хабар берди.
Қўлга олинганларнинг уч нафари – 50 ёшли Мансуршоҳ Фаёзов, унинг 23 ёшли жияни Шаҳриёр Фаёзов ва йигитнинг 46 ёшли онаси Дилбар Сангова — Россия фуқаролари ҳисобланади. Уларга икки ой муддатга уй қамоғи берилган. Тўртинчи айбланувчи, 21 ёшли Парвиз Алимардонзоданинг Льгов шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддати 17 сентябрда тугайди ва суд унга нисбатан 7 ноябргача қамоққа олиш чорасини танланган.
Тўрт нафар шахсга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 238-модда 2-қисмининг «а», «в» бандлари («Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва инсон ўлимига олиб келган товарлар ва маҳсулотларни бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ томонидан олдиндан тил бириктириб сақлаш, сотиш) бўйича айбланган. Улар 100 мингдан 500 минг рублгача жарима ёки бир йилдан уч йилгача бўлган иш ҳақи ёки бошқа даромадлари миқдорида жаримага тортилиши ёки беш йилгача мажбурий меҳнатга йўналтирилиши ёки олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мансуршох Фаёзов Шаҳриёр ва Парвиз ошпаз бўлиб ишлаган «Гагариндаги Шаурма» савдо растаси эгаси, Дилбар Сангова уларга ёрдам берган. Тергов маълумотларига кўра, 6 сентябрь куни тушдан кейин 22 ёшли қиз улардан шаурма сотиб олиб егган ва тез орада ўзини ёмон ҳис қилган ва тез ёрдам чақирган. Қиз туман касалхонасига ётқизилган, сўнгра аҳволи ёмонлашгани сабабли у вилоят касалхонасига ўтказилган ва у ерда юқумли-токсик шокдан вафот этган. 8 сентябрга келиб, Фаёзов кафесидан шауарма еб, тиббий ёрдамга мурожаат қилганлар сони 22 кишига етган.
Роспотребнадзорнинг Курск вилояти бошқармаси «Гагариндаги Шауарма» кафеси фаолиятини тўхтатган.
«Бошқарма томонидан режадан ташқари текширув ва эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирлар ўтказилмоқда: хомашё ва маҳсулотлардан 12 та намуналар олинган, бактериологик 30 та, вирусологик кўрсаткичлар бўйича 31 та тампон олинган. ПCР тести ёрдамида беморлар материалларини ўрганиш натижаларига кўра, жабрланганларда токсик инфекция қайд этилган, унинг сабаби стафилококк бўлган», — дея хабар беради Роспотребнадзор.
Росселхознадзорнинг Орёл ва Курск вилоятлари бўлими ходимлари 2023 йили «Гагариндаги шаурма» манзилига йўлланган ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар (гўшт, колбаса) учун ветеринария қўшимча ҳужжатлари берилмаганлигини аниқлаганлар. Бу факт шауарма тайёрлаш учун ҳужжатларсиз ва келиб чиқиши номаълум хом ашё ишлатилганлигини кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, Курск вилоятида яна иккита умумий овқатланиш шохобчаси Мансуршоҳ Фаёзов номига расмийлаштирилгани аниқланиб, бу ерда ҳам текширувлар олиб борилмоқда.
«Таъкидлаш жоиз, келиб чиқиши номаълум хомашёдан фойдаланадиган шунга ўхшаш умумий овқатланиш корхоналари кам эмас. Шу тариқа, йил бошидан буён Курск шаҳрида «Цербер» ФГИСда рўйхатдан ўтмаган 30 дан ортиқ тадбиркорлар умумий овқатланиш корхоналарида ветеринария кузатув ҳужжатларисиз олинган хомашёдан тайёрланган шауарма маҳсулотларини сотаётгани аниқланган. Уларнинг барчасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича талаблар қўйилган ва мажбурий талабларни бузишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантиришлар берилган», — дейилади Росселхознадзор ҳудудий бошқармаси хабарида.