Гаджи Гаджиев Ўзбекистонда ёш футболчилар ва мураббийларни ривожлантириш билан шуғулланади

Гаджи Гаджиев. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Россиялик таниқли мутахассис Гаджи Гаджиев Ўзбекистоннинг «Ғазалкент» футбол клуби тузилмасига қўшилди. У ёш футболчилар ва мураббий кадрларни ривожлантириш ишларини назорат қилади. Бу ҳақда клуб вакиллари «Фарғона» нашрига маълум қилди.

Томонлар келгуси мавсум учун ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Гаджиев аллақачон ишга киришган: у клуб тузилмаси, машғулотлар жараёни ва футболчиларни тайёрлаш тизими билан танишмоқда. 2027 йилги мавсумдан бошлаб ҳамкорлик тўлиқ шаклда йўлга қўйилиши керак.

Мутахассиснинг асосий вазифаларидан бири ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек, мураббийлар билан ишлаш ва уларнинг малакасини оширишдан иборат бўлади. Гаджиев бевосита клуб тузилмасида фаолият юритади. Унинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик мураббийларни тайёрлашга жалб қилиниши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Гаджиевнинг Ўзбекистон футболида пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида илк бор 16 октябрь куни маълум бўлганди. Ўшанда Championat.asia бош муҳаррири Нарзулла Сайдуллаев россиялик мураббий «Ғазалкент»да иш бошлаш арафасида эканини маълум қилган, бироқ ўша пайтда унинг лавозими айтилмаган эди.

«Ғазалкент» — биринчи навбатда ёш футболчиларни излаб топиш ва ривожлантиришга йўналтирилган хусусий футбол лойиҳаси. Бу номдаги клуб 1993 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистон Биринчи лигасида иштирок этган, аммо кейинчалик ўз фаолиятини тўхтатган. Уни қайта тиклаш режалари 2025 йил декабрь ойида эълон қилинган.

2026 йилги мавсум жамоа учун профессионал футболга қайтганидан кейинги биринчи мавсум бўлди. «Ғазалкент» мамлакатнинг кучлилик жиҳатидан иккинчи дивизиони — Про-лигада иштирок этмоқда ва чемпионат тугашига уч тур қолганида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа Ўзбекистон Кубогининг чорак финалига ҳам етиб борди. Бироқ 21 октябрь куни Суперлиганинг пешқадамларидан бири — Наманганнинг «Навбаҳор» клубига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Гаджи Гаджиев катта авлодга мансуб Россиянинг энг таниқли мураббийларидан бири ҳисобланади. У Махачқалъанинг «Анжи», Самаранинг «Крилья Советов», Москва вилоятининг «Сатурн», Нижний Новгороднинг «Волга», Пермнинг «Амкар» ва Япониянинг «Санфречче Хиросима» клубларини бошқарган. СССР олимпия терма жамоаси мураббийлар штаби таркибида 1988 йилда Сеулда ўтказилган Олимпия ўйинларининг футбол турнирида ғолиб чиққан.

2021 йилдан бошлаб Гаджиев Махачқалъанинг «Динамо» клуби президенти лавозимида ишлаб келган. 2026 йил январь ойида клуб президентининг бошқарув вазифаларини ҳам ўз ичига олган лавозими бекор қилинди. Шундан сўнг мутахассис фахрий президент мақомини олди.