Прокуратура журналист Луқпан Ахмедяровнинг Қозоғистондан четга чиқишини тақиқловчи ҳукмни ноқонуний деб топди

t.me/adil_soz фотосурати

Остона прокуратураси Қозоғистон полицияси департаменти тергов бошқармаси томонидан журналист Луқпан Ахмедяровга нисбатан мамлакатдан чиқиб кетишга қўйилган тақиқни ноқонуний деб топди. Бу ҳақда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро «Әділ сөз» жамғармаси хабар берди.

Август ойи бошида Қозоғистон пойтахти аэропортида журналистни мамлакатдан чиқаришмаган. У оиласи билан Черногорияга дам олишга кетаётган бўлган. Унинг сўзларига кўра, чегарачилар мамлакатдан чиқишга тақиқни Остона полицияси ўрнатганини маълум қилишган. Бир неча кундан кейин Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддаси — «Қасддан ёлғон ахборот тарқатиш» бўйича жиноий иш очилгани маълум бўлганди. Унда Ахмедяровнинг фамилияси ҳам тилга олинган.

Адвокат Асел Тўқаеванинг сўзларига кўра, прокуратура чекловни бекор қилиш зарурлигини кўрсатган ва жиноий ишнинг бир неча бор тўхтатилгани ҳолатини текширишга ваъда берган.

Ахмедяровнинг ўзи Vласть.kz нашрига маълум қилишича, у мазкур ишда ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ ҳисобланади. Унинг иштирокида ҳеч қандай процессуал ҳаракатлар ўтказилмаган. Журналист жабрланувчи ким эканини ҳам билмаслигини айтган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида терговга Усть-Каменогорск шаҳрида яшовчи Андрей Котовнинг аризаси сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 2024 йил апрель ойида Луқпан Ахмедяров ўз лойиҳасида Украина давлатининг «Хочу жить» («Яшашни хоҳлайман») лойиҳаси Россия томонида қуролли можарода иштирок этаётган деб кўрсатган Қозоғистон фуқаролари рўйхатини эълон қилган. Андрей Котов ушбу рўйхатдан ўз маълумотларини топган.

У ҳеч қачон жангларда иштирок этмаганини, Россияда эса вахта усулида ишлаганини айтан. Котов мазкур маълумотнинг эълон қилиниши унинг обрўсига путур етказган деб ҳисоблаб, Ахмедяровни жавобгарликка тортишни талаб қилган. Қозоғистоннинг яна бир фуқароси Руслан Мухаметов ҳам ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш ариза билан чиққан. Бу ҳақда «Азаттиқ» радиоси хабар берган.

Луқпан Ахмедяров — сўнгги йилларда бир неча бор босим ва таъқибларга дуч келган таниқли мустақил журналист. У 2022 йилдан бери YouTubeда «Просто журналистика» каналини юритиб келади. Бу вақт давомида канал бир неча марта блокланган.

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди