Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши муддатли ҳарбий хизмат тартибини ўзгартириш, Учувчисиз тизимлар кучларини ташкил этиш, армия тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва ҳарбий хизматчиларни ҳимоя қилишнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутувчи ҳарбий ислоҳот режасини маъқуллади. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Хавфсизлик кенгашининг мажлиси 21 октябрь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтди. Ислоҳотнинг асосий қоидаларини Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Аида Балаева тақдим этди, Қуролли Кучларни модернизация қилиш бўйича эса Мудофаа вазири Айдос Мирзаҳметов ҳисобот берди.
Асосий ўзгаришлардан бири муддатли ҳарбий хизматнинг икки босқичли моделига ўтиш бўлади. Дастлабки олти ой давомида чақирилувчилар махсус ўқув марказларида тайёргарликдан ўтади. Кейинги олти ойда эса ҳарбий қисмларда хизмат қилади. Бу босқичда асосий эътибор жанговар тайёргарликка ва бўлинмалар таркибида вазифаларни бажаришга қаратилади.
Ислоҳот, шунингдек, Қуролли Кучлар тузилмаси ва таркибини қайта кўриб чиқиш, бошқарув тизими ҳамда мудофаа режалаштиришини такомиллаштиришни назарда тутади. Армияда Учувчисиз тизимлар кучлари ташкил этилади, замонавий жанг олиб бориш усулларини ҳисобга олган ҳолда бошқа таркибий қисмлар ҳам кучайтирилади.
Ўзгаришларнинг алоҳида йўналиши ҳарбий хизматчилар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Жумладан, ҳарбий маслаҳатчилар институти ва ҳарбий хизматчилар ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳарбий низомларга зид муносабатларнинг олдини олиш, интизомни мустаҳкамлаш ва қўмондонлик таркибини тайёрлашга ёндашувларни ўзгартириш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.
Тўқаев армиядаги ўзгаришлар алоҳида чора-тадбирлар билан чекланмаслигини, балки кенг қамровли қайта қуришни назарда тутишини таъкидлади.
«Қуролли Кучлар сифатини ўзгартириш вазифаси қўйилди. Бу бошқарув, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, кадрлар сиёсати, ҳарбий таълим, мудофаани режалаштириш ва технологик жиҳозланишга тааллуқли. Хизмат хавфсизлиги, қўмондонлик маданияти ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Армиянинг жамият билан ўзаро ҳамкорлигини ҳам ўзгартириш керак. Гап комплекс ислоҳот ҳақида бормоқда. Бу борада ярим чоралар кутилган натижани бермайди», — деди президент.
Асосий ўзгаришларни 2027 йилда амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда ислоҳотнинг қиймати ва муддатли ҳарбий хизматнинг янги моделига ўтишнинг аниқ муддатлари ҳозирча маълум қилинмаган.
Бу қарор Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлганидан сўнг бир ой ўтмасдан қабул қилинди. Президент фожиага «таркибига генераллар ҳам кирувчи офицерларнинг ўз моҳиятига кўра жиноий тусдаги профессионал эмаслиги» сабаб бўлганини айтди ва Қозоғистон армияси «ўтган асрда қотиб қолгани»ни таъкидлади. Тўқаев Мудофаа вазирини алмаштирди ва ислоҳот режасини ўн кун ичида тайёрлашни топширди.



