Ўзбек киноси сценаристи ва режиссёри Маҳмуд Тўйчиев 69 ёшда оламдан кўз юмди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлигининг матбуот хизмати маълум қилади.
Хабарда ўлим тафсилоти келтирилмаган. Кинорежиссёр Азамат Эргашевнинг сўзларига кўра, Маҳмуд Тўйчиев 2 август куни оғир касалликдан сўнг вафот этган. Оператор-документалист Қаҳрамон Ҳасановга кўра, Тўйчиев Кабардин-Балқар республикасида дафн этилади. У бу ерда ҳаётининг сўнгги йилларида яшаган.
Маҳмуд Тўйчиев 1951 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1980 йил Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг сценарий бўлимини тугатган.
У ўз пайтида машҳур бўлган «Темир хотин» (1990 йил), «Темир эркак» (1991) фильмларига сценарий ёзган, «Шайтанат» сериали (2000 йил) сценарий муаллифларидан бири бўлган. Маҳмуд Тўйчиев юздан ортиқ ҳужжатли фильмларни суратга олган.