Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилди

Азимжон Асқаровнинг дафн маросими . Тимур Карпов фотосурати. «Фарғона»

Қирғиз колониясида вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўзбекистон ҳудудида дафн этилди. Бу ҳақда «Фарғона»га ўз манбалари хабар берди.

Дафн Тошкент вилоятининг Янгибозор қишлоғида бўлиб ўтди. Асқаров жасади 31 июль куни маҳаллий вақт билан соат 12.00 да Ўшдаги «Дўстлик» чегара постидан олиб ўтилди. Майитни марҳумнинг турмуш ўртоғи Ҳадича Асқарова кузатиб борди ва чегаранинг ўзбек томонида уни ўғли кутиб олди. Азимжон Асқаров яқинларига она юртида дафн қилишларини васият қилганди. Бундан ташқари, Асқаровнинг қариндошлари марҳум Қирғизистонда дафн этилганида унинг қабрини вандалистлар тинч қўймаслигидан хавотирда бўлдилар.

Тимур Карпов фотосуратлари, «Фарғона»

Бир умр қамоққа маҳкум этилган Асқаров №19 колонияда жазо муддатини ўтади. 20 июль куни журналистлар ҳуқуқ ҳимоячисининг қаттиқ касалланганидан хабар топдилар. 22 июль куни колонияга ташриф буюрган адвокат Валериан Вахитов Асқаровнинг ўта оғир аҳволда эканига гувоҳ бўлган. 69 ёшга кирган махбусни конвоирлар суҳбат хонасига зўрға қўлтиқлаб олиб киришган, Асқаров оғир нафас олар, доим йўталарди. «Бир дуйно» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти қирғиз ҳукуматидан касал инсонни зудлик билан озод қилишини сўради, лекин ҳукумат бу илтимосга қулоқ солмади. 24 июль куни Асқаровни касалхонаси бор №47 колонияга олиб ўтдилар. 25 июль куни Асқаров оламдан ўтди.

Баданни ёриб кўриш текшируви маҳбуснинг ўлимига пневмония касаллиги сабаб бўлганини аниқлади. Қамоқхона маъмурияти ходимлари на Асқаровни ва на бошқа махбусларни коронавирус кўригидан ўтказди, ҳаттоки буни лозим деб ҳам топмадилар. Бироқ, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги анчадан бери пневмониядан ўлган одамларни коронавирус рўйхатига қўшиб келмоқда. Ёз фаслига мансуб бўлмаган пневмония тарқалишини медиклар COVID-19 билан боғламоқдалар.

Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган миллий низолардан сўнг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Тергов версиясига кўра, у одамларни оммавий бетартибликлар ва милиционерни ўлдиришга чақирган. Қирғизистонда суд қарорини бекор қилишга доир барча апелляция ишлари бекор қилинди. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу ишларни Асқаровнинг таъқиб қилиниши, деб қабул қилди. Қирғизистон ҳукумати БМТ қўмитасининг ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш тўғрисидаги қарорини бажармади. Ҳимоячиларнинг фикрича, мамлакатдаги куч ишлатар тизими Асқаровнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги қонунбузарликларни фош қилганидан ўч олиш мақсадида унга нисбатан сохта айбловларни уюштиришган. Мамлакат ичидаги барча апелляция бўлимлари ҳуқуқ ҳимоячиси аризасини кўриб чиқишдан бош тортди. 2016 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни озод этишга чақирди. Лекин қирғиз ҳукумати бу чақириққа ҳам қулоқ солмаган.

Европа Иттифоқи, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро федерацияси ҳузуридаги Ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш обсерваторияси ва Халқаро қийноқларга қарши курашиш федерацияси Азимжон Асқаровнинг ўлими тафсилотларини текшириш зарурлигини ёқлаб чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентлик машҳур модельер Нариман Григоряннинг ўлимига доир тергов нимадан бошлангани тўғрисида

  • ШҲТ-2016 саммити олдидан реконструкция қилинган Тошкент маҳалласини “Москва кўп қаватли турар-жойлари” учун бузишади

  • Тошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида