«Касал бўлиб қолганимда, мени кўчага ҳайдаб чиқардилар»

Москвада COVID-19 инфекцияси чиққан ётоқҳоналар уларда яшайдиган одамлар билан ёпиб қўйилмоқда
ТАЛАЛИХИНА КЎЧАСИДАГИ ЁТОҚХОНА ИНТЕРЬЕРИ . AGREGATORPRO.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Москвадаги ётоқхоналарда коронавирус тарқалаётгани маълум бўла бошлади. Уларда истиқомат қиладиган мигрантларни ҳафталаб ичкаридан ташқарига чиқармай қўйдилар. Бунинг сабабини ҳеч ким тушунтирмаяпти. Ётоқхонада яшайдиган одамлар коронавирусга текширув бўйича тестлар ўтказилмаётганидан ҳамда ҳатто озиқ-овқат сотиб олгани кўчага чиқармаётганларидан ғазабда.

Москвада мигрантлар учун аталган бир неча юзта ётоқхоналар бор. Улардан баъзилари турар жой-коммунал хизматлари ёки қурилиш компанияларга ўхшаш корхоналарга қарашли бўлиб, қўл остида ишлайдиган мигрантлар учун ётоқ пулини иш берувчиларнинг ўзлари тўлайдилар. Бошқа ётоқхоналар эса тижорат асосида фаолият юритади.

Ётоқхоналарнинг квартиралар билан солиштирганда, бир неча афзалликлари бор: бу ерда чўнтакка қараб ўзингизга жой танлашингиз ҳамда рўйхатдан ўтилган манзилда бехавотир яшашингиз мумкин. Бундан ташқари, сизнинг “славян бўлмаган ташқи кўринишингиз” важидан ҳеч ким сизга жой беришдан бош тортмайди. Битта жой учун ижара ҳақи кунига 120 рублдан бошлаб юқорига кўтарилаверади. Нархлар хонадаги кроватлар сонига боғлиқ. Мисол учун, битта хонада 18-20 тагача кроватларни жойлаштирган бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, ётоқхоналар юзлаб одамларга мўлжалланган. Бундай ётоқхоналар Москванинг марказида, мисол учун, Садовое кольцо ичида ҳам, шаҳарнинг чекка қисмларида ҳам жойлашган бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячилар ҳам одатда ётоқхоналарга нисбатан ижобий муносабат билдириб келадилар. Касби юрист бўлган фуқаролик жамияти фаоли Зарнигор Омониллаеванинг қайд этишича, мигрантлар бундай ётоқхоналарди ўзларини эркинроқ ва бехавотирроқ ҳис этадилар.

Зарнигор Омониллаева . Facebook саҳифасидаги фотосурат

—Биринчидан, рўйхатга олинган манзилда истиқомат қилсангиз, ҳар куни кечқурун полиция ҳозир келиб сизни депорт қилиши мумкинлиги борасида хавотир олмайсиз. Иккинчидан, сизни атрофингизни шартли бўлса ҳам ўзингизникилар – яъни, МДҲ мамлакатларидан пул ишлагани келган мигрантлар қуршаб олган бўлади. Бироқ бунинг битта минус томони бор: баъзида полициячилар ётоқхоналарда облавалар ўтказиб туришади, — дея қайд этди юрист.

Омониллаеванинг қайд этишича, ётоқхонада хонани ижарага олиш ҳар доим ҳам квартирадан арзон тушавермайди, ҳаммаси шарт-шароитларга боғлиқ. Одатда энг ёмон шароитлар ётоқ учун иш берувчи пул тўлайдиган жойларда бўлади, улар одатда ўз маблағларни тежашга уринадилар.

-Бундай жойларда аҳвол шунчалик ачинарлики, у ерда ҳатто дезинфекция ҳам ёрдам бермайди. Ўзларига одамларни топадиган ётоқхоналар эгалари эса ҳар бир мижоз учун курашадилар ва қулай шароитлар билан таъминлайдилар, — дейди юрист.

«Ишга чиқа олмади»

Ўзбекистонлик Алишер (исми ўзгартирилган) икки йилдан бери Талалихина, 41, строение 8 манзилида жойлашган Москвадаги ётоқхоналардан бирида яшаб келади. “Фарғона”га айтиб беришича, у хотини билан икки кишилик оилавий хонани 12 минг рублга ижарага олган. Яна 1200 рублни уч ойлик регистрация учун тўлаб келади.

Унга кўра, ҳозирги кунда ётоқхонада 200 киши яшаяпти, энг катта хонага 18 та кровать жойлашган. Бинонинг ичида душ, ҳожатхона, кир ювиш машиналари ва овқат тайёрлаш учун газ плиталари бор.

Алишер чопар (курьер) бўлиб ишлайди, унинг хотини эса – ошпаз. “Хотинининг иш жойидан бор-йўғи 100 метр масофада жойлашган”лиги боис, ушбу ётоқхонада яшашни афзал кўришган.

Алишер 24 апрель куни эрталаб ишга чиқиб кетаётганида эшик олдида турган полиция ходимлари уни бинодан ташқарига чиқармаган.

— Маълум бўлишича, хоналардан бирида яшайдиган 10 ёки 12 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, уларни ҳарбий санаторийга олиб кетишган. Шундан кейин бизнинг ҳаммамизга 24 апрелдан бошлаб икки ҳафта давомида бинони тарк этиш тақиқлангани тўғрисидаги қарорнинг нусхасини топширишди (ҳужжат таҳририятда бор. – “Фарғона” изоҳи). Унда бизни коронавирус юқтириб олган касаллар билан алоқада бўлган одамлар сифатида кўрсатишган, — дейди Алишер.

Алишер нега энди 10 та одам туфайли у ўз ишини давом эттира олмаслиги ва “ҳатто магазинга ҳам чиқиб кела олмаслигини” тушуна олмаяпти.

—Мен яхши ишда ишлайман, кунда 2000 рублгача ишлаб топишим мумкин. Энди уларни менга ким қоплаб беради? Ҳотиним соатига ишлаб топаётган 154 рублни энди ким тўлайди? Ётоқхона учун энди қайси пулдан тўлаймиз? – дея савол беради эркак. – Биз соғлом бўлсак, истима йўқ, бизни вирусга тестдан ўтказишмади, оддийгина қилиб, устимиздан қулфлаб қўйишди. Ақалли хотинимни бинодан 100 метр масофада жойлашган ишхонасига ҳам қўйишмаяпти! Яна айтишдики, ким бинодан ташқарига чиқадиган бўлса, 15 минг рубль жаримага тортишар эмиш.

Алишернинг айтиб беришича, ётоқхонада касаллик аниқланганидан кейин бирор марта ҳам дезинфекция ўтказилмади. Фақат касаллик юқтириб олганларнинг хонасида ўтказишди, холос.

Қўшни хонада қурувчилар ҳамда сабзавот омборида ишлайдиганлар яшайдилар. Аваллига карантин 9 майгача деб айтишди, аммо кейин унинг муддатини узайтириб қўйдилар. Иш берувчи кутмасликка қарор қилган мигрантлар ишдан маҳрум бўлишлари мумкин, Москвада эса ҳозир иш топиш осон эмас, мигрантларга ёрдам кенгаши муҳтожларга озиқ-овқат билан ёрдам бериб турибди.

Талалихинадаги ётоқхонанинг хоналаридан бири. Agregatorpro.ru сайти фотосурати

“Фарғона” ётоқхонада нега дезинфекция ўтказилмаётганини ҳамда ётоқдаги одамларга бирор-бир ёрдам кўрсатиляптими ёки йўқлигини аниқлаш учун унинг эгалари билан алоқа ўрнатишга уриниб кўрди. Маъмуриятга тўғридан-тўғри уланишнинг имконияти йўқ экан, ётоқхона сайтида одамларни Москвадаги юзлаб ётоқхоналарга жойлаштириш учун аризалар қабул қилувчи операторнинг телефон рақами кўрсатилган, улар бино эгаларига талабномаларни почта орқали жўнатишар экан. Операторлар бизнинг шарҳ бериш тўғрисидаги илтимосимизни Талалихинадаги ётоқхона эгаларига етказиб қўйишга ваъда қилдилар, бироқ улар биз билан суҳбат қилмасликни афзал кўрганга ўхшайдилар.

Бу коронавирус аниқланган биринчи ётоқхона эмас. Апрель бошида Роспотребнадзор ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари Ленинград вилояти Всеволжский район Новосергиевка посёлкасида жойлашган ноқонуний хостелда COVID-19 инфекциясини юқтириб олган 10 нафар мигрант яшаётганини аниқладилар. Кейинроқ ётоқхонада яшайдиган 485 нафар одамларни изоляцияга олингани маълум бўлган. Тергов қўмитаси прокуратуранинг талабига биноан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 236-моддаси (“Одамларнинг ёппасига касалланишга олиб келувчи санитария-эпидемиология қоидаларининг бузилиши”) бўйича жиноят иши қўзғатди.

Апрель ойининг охирида карантин тартиби ўрнатилгани боис Чертановдаги ётоқхонада яшайдиган 50 нафар одам изоляцияга олинган. Улар сув ва электр таъминотидан узилиб қолганлари тўғрисида шикоят қилишган. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг маълумотига кўра, бу ҳолат оммавий ахборот воситаларида ошкор бўлганидан сўнг одамларни шароити бор бўлган юқори қаватга ўтказишган.

Овқатсиз қолдирилганлар

Қулф остида қолган одамлар ёрдам сўраб мигрантлик ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларга мурожаат қилмоқдалар. Зарнигор Омониллаеванинг “Фарғона” нашрига айтиб беришича, апрель ойининг ўрталарида опаси билан ётоқхонада битта хонани ижарага олган қиз унга қўнғироқ қилган. У бинодан ҳеч кимни ташқарига чиқаришмаётгани боис озиқ-овқат билан ёрдам беришларини илтимос қилган.

-Менда ўша заҳоти савол туғилди: нега одамларни ташқарига чиқаришмаяпти? Қизнинг айтишича, қўшни қаватдан кимнидир реанимацияга олиб кетишди ва шундан кейин одамларни кўчага чиқармай қўйдилар, шу билан бирга, хоналарда кунига икки мартадан дезинфекция ўтказишмоқда, яъни, бинони карантинга ёпиб қўйдилар, аммо буни одамларга тушунтирмадилар. Мен ётоқхона эгасининг мантиғини тушуниб турибман. У агар ҳозир коронавирус ҳақида айтсам, одамлар тўс-тўполон кўтариб юборадилар, деб ўйлаяпти. Бироқ уларга ҳеч нарсани тушунтирмаслик ҳам нотўғри. Боз устига, уларни аввалига 14 кунга ёпиб қўйдилар, кейин яна 10 кун қўшиб қўйдилар, энди уларнинг ейдиган ҳеч қандай озуқ-овқати қолмади.

Юрист аёлга бошқа қулфлаб қўйилган ётоқхона ҳақида ҳам маълумотлар етиб келган, бироқ у ерда нафақат бинони карантинга ёпиб қўйдилар, балки қаватдан-қаватга ўтиш учун ҳам йўл тўсиб қўйилган, негаки ўзини яккалатиш тартиби жорий қилинганидан сўнг одамлар бири-бирлариникига меҳмондорчиликка бора бошлаганлар. Бироқ юристдаги маълумотларга кўра, ётоқхонанинг эгаси инсофли экан, у одамларни кунига уч маҳал овқат билан таъминламоқда.

-У агар одамларга карантин тартиби амал қилаётган пайтда ёрдам бермаса, уларнинг қорнини тўйдириб, кунига икки мартадан дезинфекция қилмаса, Роспотребнадзор келиб, унинг бизнесини ёпиб қўйиши мумкинлигини тушунади., — дея тахмин қилади юрист.

“Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) қўмитасининг юристи Анна Городецкая, Россия ҳокимият органлари томонидан фуқароларнинг ҳаракатланишига чекловларни ўрнатиш бўйича қабул қилинган чоралар ва уларни бузган одамларга нисбатан қўлланадиган жарималарни ноқонуний деб ҳисобламоқда.

Карантинга ёпиб қўйилган хостелдаги мигрант . Shtab.navalny.com сайти фотосурати

-Кўпчилик экспертлар қайд этганидек, фақат фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилиши билан бундай чораларнинг қўлланишига йўл қўйилади, бироқ мамлакатда бундай ҳолат киритилмаган, — дея таъкидлайди юрист. – Россияда COVID-19 пандемияси муносабати билан юзага келган ҳуқуқий меъёрлар шу туфайли ҳам ноқонуний саналади. Бундан ташқари, вирус атрофидаги вазият жадал суратларда ривожланаётгани ва ўзгариб бораётгани боис, ҳуқуқий база унга мослашишга улгурмаяпти ва бунинг ортидан эса “юридик чалкашликлар”нинг пайдо бўлиши муқаррар. Бироқ агар биз содир бўлаётган ишларни жамият манфаатлари учун қабул қилинаётгандек қабул қиладиган бўлсак, унда уларга риоя қилишимиз керак. Ана ўшанда ўзини яккалатиш тартиби кимга тааллуқли бўлса, уларга чекланган миқдордаги мақсадлар: масалан, озиқ-овқат сотиб олгани дўконга, дорихонага ёки итини сайр қилдириб келиш учун яшайдиган маконларини тарк этишларига ижозат берилиши шарт. Лекин Россия бош санитар врачининг қарорига ёки суд қарорига асосан карантинга олинган одамлар 14 кун давомида яшайдиган жойларини тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум этиладилар. Ўзини яккалатиш тартиби бузилиши ҳолатида 1000 дан 30 000 рублгача (Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 6.3 моддаси), карантин тартибини бузган ҳолатда 15 000 дан 40 000 рублгача (Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 6.3 моддаси) жарима кўзда тутилган. Бордию, карантиндаги одам кўчага чиққани туфайли одамларнинг касалликни ёппасига юқтириб олишига ёки ўлимига сабаб бўлса, унда бу одамга нисбатан жиноий жавобгарлик тортиш чораси қўлланади, — дея қайд этди юрист.

Ҳайдаб чиқариш – муаммони ҳал қилишни англатади

“Тонг Жахони” ташкилотининг ижрочи директори Валентина Чупик тақдим этган маълумотларга кўра, Москвада айни пайтда 30 дан зиёд ётоқхоналар карантинга ёпиб қўйилган. Бироқ коронавируснинг тарқалиши “бу ётоқхоналар туфайли эмас, балки уларнинг эгаларининг ақлсизлиги важидан” содир бўлмоқда.

Мисол тариқасида Чупик апрель ўрталарида унга қўнғироқ қилиб, автобус бекатига тез ёрдам чақириб беришни илтимос қилган йигитнинг бошидан кечирганларини сўзлаб берди.

-Жуда ҳайрон бўлдим. У ҳарорати юқорилигини ва ҳаммаёғи оғриётганини айтиб берди, бироқ хонада бирга яшайдиган қўшнилари тез ёрдам чақирмоқчи бўлганларида, бу ҳақда ётохона хўжайини билиб қолиб уни кўчага ҳайдаб чиқарибди. Ҳайдалишнинг маъноси йўқ, негаки одам бир неча кундан бери истималаётган бўлса, ётохона хўжайини учун шифокорлар келиб ҳаммани кўрикдан ўтказишлари ва даволашлари фойдалироқ бўлади. Шунинг учун ҳам мен уни орқага қайтариб жўнатдим ва ётоқхона хўжайинига қўнғироқ қила бошладим, бироқ у телефон гўшагини кўтармади, — дейди юрист.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ётоқхона манзили бўйича тез ёрдам чақиртирди, шифокорлар йигитдан ва истималаётган бошқа одамлардан тест олдилар ва икки ҳафталик карантин тўғрисида қарор ёзиб бердилар. Бироқ йигит ўша куни кечқурун Валентина Чупикка яна телефон қилиб, энди уни ётоқхонада истиқомат қилаётган бошқа одамларнинг ўзлари уни ва яна истималаётган икки эркакни ҳайдаб чиқарганларини айтди.

Анна Городецкая қайд этишича, тез ёрдамни чақирган одамнинг яшаш манзили бўлмаса ҳам, унинг олдига етиб келиши шарт.

-COVID-19 инфекциясини юқтириб олган одам албатта яккалатилиши лозим. Агар унинг яшайдиган жойи бўлмаса, жамият манфаати йўлида уни бирор жойга жойлаштириш мажбурияти давлатнинг зиммасига тушади, — дея қайд этади юрист.

Валентина Чупик тақдим этган маълумотларга кўра, мигрантлар учун тез ёрдам чақиришдан бош тортаётган ва муаммони уларни ҳайдаш билан ҳал қилаётган шунга ўхшаган бошқа ётоқхоналар ҳам бор.

—Москвага ётоқхоналар жуда ҳам керак, негаки бу одамларни қонуний рўйхатдан ўтказиш ва нормал ҳолатда жойлаштириш, шунингдек, ичимлик суви, канализация, кир ювиш машиналари, газ плиталари ва интернетдан фойдаланиш имкониятини беради. Лекин эгалари калта фикрлайдиган ётоқхоналар аксинча, вируснинг ўчоғига айланиб қолиши мумкин. Унинг эгалари гўё ўзларини ва ётоқхонада яшайдиган бошқа одамларни карантинга ёпилишидан сақлаб қолаётгандек бўладилар, аммо ўзлари англамаган ҳолда инфекция ўчоқларини пайдо қилиб қўядилар, — дея тушунтиради юрист.

У бутун бошли ётоқхонани карантинга ёпилишини тўғри деб ҳисоблайди.

-Инфекцияни юқтириб олганларнинг ҳаммалари стандарт хонада яшайди, деб тасаввур қилайлик. Бироқ бутун бир қаватда битта санузел бўлиб, унда кўплаб унитазлар жойлаштиришган, битта ҳаммомда кўплаб душ кабиналири ва битта ошхона бор. Бундай ҳолатда битта хонани изоляция қилиш имконсиз. Кам деганда бутун бир қаватни изоляция қилиш керак, — дейди комил ишонч билан Чупик.

Пулни ким тўлайди?

Мигрантларнинг йўқотаётган даромадларини ким қоплаб бериши алоҳида масала. Валентина Чупикнинг қайд этишича, агар Россияда фавқулодда ҳолат жорий этилганида, унда овқатланиш, ижарага яшаш ва карантин туфайли йўқотилган иш кунлари учун давлат товон пули тўлаб берган бўларди.

-Бироқ Фавқулодда ҳолат киритилмади, одамлар яшаётган жойларида турмада ўтиргандек ўтиришибди. Россияликлар – квартираларида, мигрантлар – ётоқхоналарда. Ҳозирги вазиятда мигрантлар яшайдиган жойлари учун ижара ҳақини ўзлари тўлашларига тўғри келади, негаки ҳозир уларга компенсация тўлашнинг ҳеч қандай механизмлари йўқ.

Карантинга ёпиб қўйилган хостел эшигида турган полициячи. Shtab.navanly.com сайти фотосурати

Карантинга жойлаштирилган одам, мисол учун, агар унинг ейдиган ҳеч нарсаси ва озиқ-овқат олиб келиб берадиган одами бўлмаса, унда нима қилиши керак, деган саволга Анна Городецкая карантиндаги ҳар бир одам, у Россия фуқароси бўладими ёки мигрантми, пандемия даври учун тузилган махсус хизматига телефон қилиш ҳуқуқига эга. Бу хизматнинг ходимлари мурожаат қилаётган одамнинг мақомидан қатъий назар шаҳар ижтимоий хизмати орқали унга керакли озиқ-овқатларни етказишни ташкил этиш бўйича ёрдам кўрсатади.

-Бироқ бу хизмат озиқ-овқат ва яшайдиган турар жой ижараси учун тўловларни амалга оширишни кўзда тутмайди. Ахир ёрдам сўраётган одам карантин бўлмаган ҳолатда ҳам ўз қорни ва ётадиган жойининг ғамини еб яшаган бўлардику. Агар карантингача у меҳнат шартномаси асосида ишлаб келган бўлса, унда карантин ҳолатига тушиб қолганидан иш берувчиси ходимига махсус касаллик варақасини расмийлаштириб бериши ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича пул тўлаши керак бўлади. Агар иш берувчи зиммасига юкланган ушбу мажбуриятдан бош тортиб, ходимини ишдан бўшатса, унда Меҳнат кодексини бузган бўлиб чиқади ва ҳуқуқи поймол қилинган одам судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар бу одам меҳнат шартномасини тузмай ишлашга рози бўлган бўлса, унда Меҳнат кодексининг меъёрлари билан ҳимояланмаган бўлиб чиқади ва касаллик варақаси бўйича унга пул ундириб бериш жуда қийин кечадиган жараёнга айланиб қолади. Афсуски, расмий тарзда ишга жойлашмаган мигрантлар шу нуқтаи назардан олиб қараганда, пандемия ҳолатида энг заиф гуруҳ таркибига кириб қолган бўлади.

Коронавирус ҳақида сўзлаб бериш керак

Юристлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам берадилар, жамоатчилик ташкилотлари ва лоқайд бўлмаган инсонлар – озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлайдилар. Бироқ реал ҳаётнинг ўзи кўрсатишича, пандемия шароитида мигрантларнинг хабардорлик даражаси ҳам кичкина бўлмаган муаммога айланган. Карантинга олинган аксарият одамларнинг эътирози қуйидагича: ахир мен ўзимни яхши ҳис этаётган бўлсам, унда нега энди мен яшаб турган жойимдан ташқарига чиқишим мумкин эмас?

-Ётоқхоналарнинг муаммоси ундаги одамларнинг изоляцияга олинганида эмас, балки уларни зарур ахборот билан таъминланмаганликда, — дея тушунтиради Зарнигор Омониллавева. – Одамларнинг тушунчасида, агар уларни устидан қулф осиб қўйишган бўлса, демак эркинликларини чеклаб қўйишган. Улар ҳеч нима қилмаганлар, бироқ ишга чиқа олмайдилар ёки дўконга бориб озиқ-овқат сотиб ололмайдилар, шунинг учун уларнинг хавотирлик даражаси кўтарилиб кетади.

-Мигрантларга коронавируснинг нима эканлигини, у қандай йўл билан тарқалишини, нима учун вирус юқтириб олган одамнинг атрофида яшаган одамлар ўзлари яшайдиган хонани икки ҳафта давомида тарк этмасликлари кераклигини ва эркинликни чекловчи чоралар уларнинг хавфсизлиги учун қўлланилаётганини батафсил тушунтириб бериш керак.

Ахборот ва психологик ёрдам йўқлигининг оқибати саросимага ва ҳар қандай йўл билан карантинга тушиб қолмаслик истагининг пайдо бўлишига олиб келади, — дея қайд этди юрист.

Екатерина Ивашенко

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • 2010 йил тўполонларидан сўнг Ўш шаҳри қай аҳволда эди. Фожиа кунига бағишланади