Ўзбекистон халқ шоири, ёзувчи, таржимон ва педагог Шукрулло Юсупов 19 июль куни 98 ёшида вафот этди, дея хабар беради республика Ёзувчилар уюшмасининг Telegramm-канали.
Шукруллонинг узоқ вақт давом этган ижодий фаолияти давомида уч томлик танланган шеърлари (1981), «Қалб чақириғи» (1991) ва «Ўғрини қароқчи урди пьесалар тўплами» (1997) ёзилган ва нашр этилган. Муаллифнинг драматик асарлари Россия, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларда саҳналаштирилган ва қўйилган.
Шукрулло прозаси орасида «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси ва «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникасини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Ёзувчининг «Оғир кунлар севинчи» хотиралари китоби 2002 йилда чоп этилган. Бундан ташқари, Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Шандор Петёфи, Тарас Шевченко, Қайсин Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.
Шукрулло Юсупов 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Педагогика билим юрти (1935—38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944). Шукрулло 1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин 1954 йилда озод этилган ва оқланган. Ўзининг ҳибсга олиниши, иш бўйича тергов ва лагердаги ҳаёти «Кафансиз кўмилганлар» ҳамда «Тирик руҳлар» романида батафсил таърифланган. Бу романлар СССР парчаланиб кетганидан кейин 1991 йилда нашрдан чиққан.
Шукрулло шу чоққача ёзувчилик фаолиятини давом эттираётган дунёдаги ёши энг улуғ муаллифлардан бири саналиб келган эди. Ўзбекистон Халқ шоири унвонидан ташқари, уни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти ҳамда республиканинг бир неча орденлари билан тақдирлаганлар.