Барча фильмларга — «марҳабо» деймиз!

Мумтоз кинорежиссёр Али Ҳамроев Тошкент кинофестивали кинода мавжуд «ғуборларни ювиб ташлаши»га ишонади
АЛИ ҲАМРОЕВ. РЕЖИССЁРНИНГ «ФАРҒОНА.РУ» ГА ТАҚДИМ ҚИЛГАН ФОТОСУРАТИ

19 июнь куни Ўзбекистон кинематография агентлигида «Шарқ йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда мулозимлар, кино соҳаси мутахассислари, машҳур кинематографлар, ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Учрашув иштирокчилари фестиваль дастури ва уни ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.

1968 йилдан 1997 йилгача ўтказилиб келган мазкур кинофестиваль Ўзбекистон президенти фармони билан қайта тикланадиган бўлди. У жорий йилнинг 28 сентябрдан 3 октябрига қадар Тошкентда ўтказилади ва кейинчалик ҳар йили уюштирилади.

Совет, ўзбек, рус ва дунё кинематографининг тирик афсонаси, машҳур кинорежиссёр Али Ҳамроев «Фарғона. Ру» билан қайта тикланаётган фестивалга доир фикрлари билан ўртоқлашди.

— Мен Ўзбекистон Республикаси президентининг Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш тўғрисида қарор чиқарганидан бағоят ҳурсандман. Шодлигимнинг сабаби шундаки, фестивалларсиз, Марказий Осиё, Кавказ, Россия, Болтиқбўйи, «ўзоқ хориж» кино усталари ўзаро мулоқотларисиз турғунлик юзага келгани кузатилади, кейин кўрибсизки бу ҳолат ботқоққа айланади. Аслида бир нарса юз бермоқда: тор доирада барча бир-бирини мақтайди, ҳамманинг танқидчилардан иборат ўз гуруҳи бор ва улар доимо сенинг бемаъни фильмингни кўкларга кўтаради. Юксак ғоя ва ватанпарвалликка доир фильмлар истеъдоддан йироқ саёз актёрлар иштирокида, «бармоқдан сўриб олинган», техник томондан суст ҳолда суратга олинмоқда. Бу нафақат ўзбек киносининг, балки собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари кинематографиясининг аянчли аҳволидир.

Турган гап, фестиваль мазкур турғунликка барҳам бериб, «ботқоқлик»ни қурита бошлайди. Марказий Осиё, Европа, Африка ва Америкадан кино усталари ташриф буюрсалар кинорежиссура, операторлик ёки актёрлик маҳорати бўйича қандайдир янги бир юлдуз порлайди ва бу ҳолат ҳамкасбларимни «бироз силкиб, ғуборини қоқади», Ўзбекистонда кино санъати қай даражада эканига ойдинлик киради.

Бизда мавжуд муаммоларнинг объектив сабаблари бор. Ўн йиллар давомида қаттиқ цензура ҳукмронлик қилди. Бир қадам четга чиқсанг — кино олишдан, келажагингдан маҳрум бўласан. Бироқ, ривожланиш даври ҳам келди. Менга Микеланжело Антониони айтганди: фестиваллар ёшларнинг кино олишлари, олган картиналарини муҳокама қилишлари, уларда қанот чиқиб, дунё киноси ўзра парвоз қилишлари учун керак. «Бизга унинг нима кераги бор? Сенга мукофотлар керакми? — деб сўраганди у. — Сен билан биз кимлигимизни биламиз, — деганди Антониони 1976 йили. — Бизлар учрашганимиз, танишганимиз, дўстлашганимиздан ҳурсанд бўлишимиз керак...».

— Али Иргашевич, бундай оз муддатда кинофестивални сифатли ўтказишга улгуришармикан?

Али Ҳамроев. kino-teatr.ru сайти фотосурати

— Ташкилий қўмита ва фестиваль штабидагиларнинг боши омон бўлсин, уларни жудаям катта, масъулиятли иш кутяпти — ахир тадбирга тайёргарлик кўриш учун атиги икки-уч ой муддат бор. Назаримда, фестивал «тўрт» баҳога ўтказилса — унинг донғи чиқади. Зеро, янги фильмлар намойиш этилади, турли мамлакатлардан келган меҳмонлар нафақат Тошкентга, балки Бухоро, Хива, Фарғона, Андижонга ҳам ташриф буюрадилар, ажойиб байрам бўлади.

28 сентябрда бошланажак фестиваль улкан ютуқларга эришади, демайман. Мен ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамасдан ҳамкасбларимнинг бу борада озми-кўпми осойишта Ўзбекистонда йиғилишларига, кинофестивалнинг чиройли ўтишига умид қиламан. Нима бўлгандаям, халқ бу байрамни кутмоқда! Одамлар кинотеатрларни тўлдирадилар, ҳиёбонларга экранлар ўрнатилади, унда фестивалга доир кўрсатувлар намойиш этилади, шунингдек фестиваль телевидение орқали ҳам онлайн тақдим этилади!

— Фестивалда кимларни кўришни хоҳлаган бўлардингиз?

— Фестивалда дунёга машҳур дўстларимдан — украиналик Роман Балаянни, Грузиядан Элдар Шенгелайни, ажойиб сценаристимиз Рустам Ибрагимбековни, россиялик ҳамкасбларимни қўришни хоҳлардим. Албатта, америкалик ва европалик ёш режиссёрларни ҳам кутган бўлардим. Агар Ўзбекистонда тўкин-сочинлик ҳукм сурган пайтда Самарқанд, Бухороларни кўриш иштиёқида бир-иккита жаҳон кино юлдузи ташриф буюрса, улар ўзбекнинг самиймий чеҳрасини кўриб, хорижлик меҳмонларни, дўстларини соғинганига гувоҳ бўладилар!

Али Ҳамроев: » «Самарқандда қовунлар таровати» фильмини якунладим. Ёш артистлар билан қувнаб сакраймиз...». Сурат «Фарғона.Ру«га режиссёр томонидан тақдим этилди

— Кейинги пайтлар қайси ўзбек кинолентасини ютуқли чиққан, деб ҳисоблайсиз?

—Икки минг ўн саккизинчи йил ўзбек кинематографияси учун серҳосил йил бўлди. Умида Ҳамдамованинг «Қайноқ нон»и кўпгина совринларни қўлга киритди. Дарҳақиқат, бу яхши фильм. Шокир Ҳолиқовнинг «Чой» деб номланган қисқаметражли фильми ҳам халқаро аренада ўзини яхши кўрсатди. Рашид Маликовнинг «Сабот» лентаси менга жуда ёқади, у Москва халқаро кинофестивалида мукофот билан тақдирланди.

Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми (2020-йил) жуда яхши олинган ва уни бўлажак кинофестивалда намойиш қилиш мумкин.

Тўғрисини айтсам, кейинги уч йил ичида бирорта қизиқ фильм олинганидан бехабарман. Яъни, ўртага қандайдир танаффус чўкди. Лекин Ўзбеккино раҳбарияти (ҳозирда — Ўзбекистон кинематография агентлиги. — «Фарғона» изоҳи) замон билан ҳамнафас бўлишга интилмоқда.

— Ҳозирда ялпи киномаҳсулот ишлаб чиқариш нимани англатади?

— Кинога, айниқса хусусий киностудияларга ёш ҳунармандлардан иборат катта бир гуруҳ кириб келди. Улар кинематографиядаги айрим нарсалардан — йирик план, ўрта план, умумий план каби тушунчалардан хабардорлар…камерани рельсдаги аравачага ўрнатишади, айниқса дронлар ёрдамида суратга олишни ёқтиришади — тепадан суратга олинган кўчалар, қувди- қувдилар, ҳаттоки қаҳрамонлар суҳбатини ҳам тепадан туриб олишмоқда. Бу — касбни примитив ўзлаштириш демакдир. Бу режиссёрлар замонавий Ўзбекистон муаммоларини тилга олишмайди. Сийқаси чиқиб кетган мавзулар ёритилади: золим қайнона, номуносиб никоҳ, қиз бой оилада ўсган йигитни севиб қолади…Кўриб турибсизки — шекспирона жанжал тайёр.

Ўйланманки, бу Марказий Осий кинематографияси учун «кўпга келган тўй», вақтинча касаллик. Албатта, бу ўткинчи ҳолат ва тез орада кинога талантли, иқтидорли муаллифлар кириб келадилар. Ҳозирда олинаётган ва монтаж қилинаётган фильмлар орасида ҳам пичоққа ярайдиганлари топилади, деган умиддаман.

Даниил Кислов