Ўзбекистоннинг хусусий клиникаларига коронавирусни даволашда осма уколлардан фойдаланмаслик тўғрисида огоҳлантирдилар

Сentralasia.media сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг коронавирус инфекцияли беморларни қабул қилиш ва даволаш протоколларини бузган нодавлат тиббиёт муассасалари лицензиядан маҳрум этилиши мумкин. Гап шу жумладан, осма уколлардан фойдаланиш ҳақида ҳам кетмоқда. Бу ҳақдаги ахборот республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида жойлаштирилган.

Хусусий тиббиёт клиникалари вакиллари билан учрашув давомида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров “COVID-19” инфекциясини даволаётган нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, пойтахтимизда жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Шулардан фақат 7 таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган. Бундан ташқари, республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу каби клиникаларнинг аксариятида “COVID-19” инфекциясини даволаш учун зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар мавжуд эмас. Хусусий клиникаларда “COVID-19” инфекциясидан даволанаётган беморларга юритилган касаллик тарихларини таҳлил қилинганидан сўнг, уларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, икки ва ундан ортиқ антибиотиклар берилганлигини, даволаш стандартларига зид равишда инфузион суюқликлар қуйилгани маълум бўлди.

Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, “COVID-19” инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, биттадан ортиқ антиботикни қўллаш касалликнинг тез суратларда оғир шаклига ўтиб кетишга сабаб бўлмоқда. Мониторинг давомида хусусий тиббиёт ташкилотларида айнан шундай хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Олдинроқ республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияли беморларни мулк шаклидан қатъий назар, ихтисослаштирилмаган клиникаларда даволашни тақиқлгани ҳақида эълон қилганди.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича лаборатория синовларини ўтказишга Ўзбекистонда апрель ойининг охирида рухсат берилган. Фаолиятнинг ушбу тури билан шуғулланиш учун ташкилотлар вилоятлардаги санитария-эпидемиология осойишталиги марказларининг раҳбарлари имзолаган шартномаларга эга бўлишлари керак. “COVID-19” инфекцияси билан касалланган беморларни хусусий клиникаларда даволашга 2020 йил 16 июлдан бошлаб рухсат берилди. Ўшанда республика ҳукумати томонидан соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда ҳокимиятларга хусусий ва давлат клиникаларининг фаолиятини тезкор равишда ташкил этишга «барча зарур ёрдам» кўрсатаиш вазифаси қўйилганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10 август ҳолатига кўра, республикада коронавирусга чалинган жами 30 609 нафар бемордан 22 042 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 72 фоизни ташкил этмоқда. Коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 373 нафар бемордан 1 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда бўлиб, 194 нафари ҳаётдан кўз юмган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ