Мирзиёев Сўх тумани аҳолисини ер ва мулк солиғидан озод қилди

Ўзбекистоннинг Сўх тумани . Repost.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорини имзолади. Ушбу қарорга мувофиқ ушбу туман аҳолиси кўрсатилган давр мобайнида ер ва мулк солиғидан озод этиладилар.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 августидан 2021 йилнинг 31 июлигача якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Шу билан бирга, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилинади.

Булардан ташқари, Фарғона вилояти Сўх тумани ҳокимига 2022 йилнинг 1 январигача туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи тақдим этилади. Фарғона вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тумандаги соғлиқни сақлаш муассасаларига юқори малакали мутахассисларни ишга жалб қилиш вазифаси топширилди. Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз ўрнатиладиган бўлди.

Майдони 352 квадрат километрдан иборат Сўх тумани Ўзбекистоннинг Қирғизистон республикаси Боткен вилоятидаги эксклави ҳисобланади. 31 май куни икки давлат аҳолиси ўртасида маҳаллий булоқдан фойдаланиш ҳуқуқи учун тортишув келиб чиқиб, катта жанжалга айланиб кетди. Можаро иштирокчилари бир-бирларига тош отиб, уйларга ўт қўйдилар, натижада 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғизистонлик фуқаролар жабрландилар.

Юзага келган можарони бартараф этиш учун туманга Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев етиб келди ҳамда можаро иштирокчиларни тергаб, фитнани қўзғаганларни қамаш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан маҳаллий аҳоли вакиллари вилоят ҳокимига ишонмасликларини билдириб, Сўхга етиб келган бош вазир Абдулла Ариповдан вилоят ҳокимини алмаштиришни талаб қилдилар. Бироқ ҳукумат раиси ҳокимнинг ишини ҳамда можарони бартараф этишдаги ролини ижобий баҳолади.

Шу билан бирга, 3 июнь куни Сўх ҳокимлиги биносида ўтган учрашувда Арипов Ўзбекистон ҳукумати эксклавни тез орада гуллаб яшнайдиган диёрга айлантирмоқчи эканлигини ва ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 1 триллион сўм (деярли 100 милион АҚШ доллари) ажратилганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ