Самарқанд шаҳри “Боғибаланд” маҳалласидаги 40 гектарлик анжир боғи маҳаллий ва хориж сайёҳларини ўзига жалб қиладиган масканга айланади. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилади.
Ушбу ҳудудда миллий анъаналарга асосланган шийпонлар, чорпоялар қурилади. Туристлар июнь ва сентябрь ойида амалга ошириладиган анжир ҳосилини йиғиш жараёнида иштирок этишлари мумкин. Бу даврда анжирдан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, машҳур хонанда ва фольклор жамоалари иштирокида кўнгилочар дастурлар намойишлари ўтказилади.
Шунингдек маҳаллада бепул Wi- Fi ҳудудлари ҳам ташкил этилади. Боғнинг ўртасида тарихий тепалик жойлашган бўлиб, ушбу тепаликдан боғ ҳамда тарихий маҳалла аҳолисининг турмуш тарзини кузатиш имконияти мавжуддир.
Маҳалла ҳудудида туристик салоҳиятдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида меҳмонхона уйлари, маҳаллий аҳолининг урф-одатларини намоён этувчи анимацион марказлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ушбу маҳалла ҳудудида саноат туризми салоҳиятига эга гилам ишлаб чиқариш заводи ва тиббиёт туризми обектлари ҳам фаолият юритади.
2019 йили имзоланган Ўзбекистон президенти фармонига кўра, йигирматадан кам бўлмаган одамга хизмат кўрсатувчи меҳмонхонага эга ва туристларга яшаш ва озиқланишдан ташқари кулолчилик санъатини намойиш қилиш, от ва туяларда сайрни ташкил этиш каби камида беш йўналишда хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга қишлоқ ва маҳаллалар туризм мақомини қўлга киритади. Бундай мақомга эга ҳудудлар «Обод маҳалла» дастурига киритилади ва бу ерда инфратузилмаларни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилади.
Бундан бир йил олдин ҳукумат меҳмонхоналар учун сертифат берилишини енгиллаштирди ва тижорат банкларига меҳмонхоналар қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришни тавсия қилди. Ушбу чоралар 2019 йил январдан августга қадар республикада меҳмонхоналар сонининг етти баравар ошишига замин яратди. Ушбу даврда ушбу мини меҳмонхоналар 37,7 мингта меҳмонга 10 млрд сўм ($1 млн) миқдорида хизмат кўрсатди, улардан 25 мингги чет эллик сайёҳлар бўлган.
2020 йил апрель ойида Ўзбекистон меҳмонхона ва хостеллар эгалари ассоциацияси тузилди. Унинг раиси Умид Бурхоновнинг сўзларига кўра, ассоциация туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида Халқаро ёшлар хостели федерацияси (International Youth Hostel Federation) ва Халқаро брон қилиш тармоғи (International Booking Network) билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда