Ўзбекистон август ойидан барча ҳудудий аэропортларида «очиқ осмон» режимини жорий этади

Бухоро аэропорти . «Фарғона» фотосурати

2020 йил 1 августдан Ўзбекистоннинг барча аэропортларида «очиқ осмон» режими жорий этилади. Республика Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч, Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларда “бешинчи ҳаво эркинлиги” ҳуқуқини қўллаган ҳолда жорий этилади.

“Очиқ осмон” режими 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб ИАТА “Қиш 2022/2023” мавсуми якунигача икки йил муддатга жорий этилади. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати режимни узайтириш ёки хориж авиакомпаниялари учун ўз аэропортларидан фойдаланиш шартларига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Буйруққа мувофиқ, “Очиқ осмон” режими — Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий ва Урганч аэропортларида ҳеч қандай чекловларсиз, Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига кўрсатилган аэропортларга уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда жорий этилади. Самарқанд шаҳридаги аэропортда қайта таъмирлаш ишлари якунлангач мазкур режим жорий этилади.

«Бешинчи ҳаво эркинлиги» хориж авиакомпанияларига йўловчи, юк ва почталарни бир давлатдан иккинчи давлатга ўз юртига учиш чоғида амалга оширишга имкон беради. «Еттинчи ҳаво эркинлиги»да эса, бешинчи эркинликдан фарқли ўлароқ, йўналишнинг сўнгги нуқтаси компаниянинг «ўз юрти» бўлмаслиги мумкин.

Ўтган йил 1 октябрдан Ўзбекистон Нукус, Термиз, Қарши ва Бухоро аэропортларида бешинчи ҳаво эркинлигини қўллаган ҳолда «очиқ осмон» режимини жорий этганди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов янги тартиблар жорий этилиши натижасида Бухоро Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан ҳаж ва умра сафарларига йўл олаётган йўловчилар учун «зиёрат хаби» бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ