Ўзбекистонда саёҳатчиларга карантинни меҳмонхоналарда ўташга рухсат берилди

Тошкентдаги ресторанга кираверишда дезинфекция ишлови. "Хабар 24" видеосидан кадр

Эпидемиологик вазияти хавотирли бўлган мамлакатлардан келаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг хоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилди. Ушбу қарор коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган, дея хабар беради республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram-канали.

Эндиликда юқоридаги тоифа давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёхуд ҳақини ўзлари тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиши мумкин бўлади. Фуқаролар карантин назорати даврини ўтказиши мумкин бўлган меҳмонхоналар рўйхатини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилади.

Бундан ташқари, махсус комиссия қарорига мувофиқ, дўконларда, жамоат транспортларида ҳамда Тошкентнинг коронавирус аниқланган қизил тоифали ҳудудларида эпидемиологик назорат кучайтирилади. Бундай жойларда блокпостлар ўрнатилади ва 24 соат навбатчилик ташкил этилади.

Очилиши рухсат берилган меҳмонхоналарда мижозларнинг тана ҳарорати мунтазам ўлчаб борилиши, қўлларни антисептиклар билан ишлов берилиши ва меҳмонларнинг ҳисоби юритилиши шарт қилиб қўйилган. Меҳмонхона ресторанларида швед дастурхони тақиқлаб қўйилган, столлар ўртасидаги масофа икки метрдан кам бўлмаслиги ва албатта шаҳмат тахтаси тартибида жойлаштирилган бўлиши зарур. Стуллар ўртасидаги масофа 60 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак.

“Тоғ ёнбағирларидаги, Чорвоқдаги меҳмонхоналарнинг ҳаммаси тўлиб бўлган. Уларда бўш жой йўқ”, — дейди меҳмонхона бизнеси соҳаси бўйича консалтинг компаниясининг асосчиси Дилшод Одилов “Хабар 24” нашрига интервьюда. Унга кўра, дам олувчиларнинг асосий контингентини илгари чет элларга чиқиб юрган, аммо ҳозирги кунда чегараларнинг ёпиб қўйилгани боис бунинг имкониятини топа олмаётган ўзбекистонликлар ташкил этмоқда.

Ўзбекистсонда бир сутка давомида коронавирус юқтириб олинишининг 146 та ҳолати қайд этилган, 2020 йил 22 июнь соат 23.00 ҳолатига кўра касалланганларнинг умумий сони 6461 тага етган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вирус карантин муассасаларидан ташқарида, аҳоли орасида аниқланаётгани хавотирга солмоқда. Шунга қарамай, республика туризмни қайта тиклашга жиддий қарор қилган.

Ўзбекистонга келган чет эллик туристлар агар саёҳатлари давомида коронавирус юқтириб оладиган бўлсалар, давлат томонидан 3000 АҚШ доллари миқдорида товон пули олишлари эълон қилинди. Ушбу пул суммаси республика COVID-19 инфекциясини юқтириб олган битта беморга давлат томонидан қанча миқдорда пул сарфланишидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Ўзбекистонга олиб келинган ҳар бир чет эллик турист учун туроператорларга мукофот пули тўланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ