Ўзбекистонда ноябрь «Кексалар учун туризм ойи» деб эълон қилинди

Repost.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати ноябрни «кексалар учун туризм ойи» деб эълон қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳукумат қарорига таянган ҳолда хабар беради.

Ҳукумат қарорида саёҳат қилувчилар учун ҳудудлардаги туризм инфратузилма объектлари (жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шохобчалари) учун ҳамда вилоятлараро қатновчи автобус, авиа ва темир йўл чипталарига ихтиёрий равишда чегирмалар ва акциялар эълон қилиниши кўзда тутилган. Кекса авлод вакиллари учун моддий маданий мерос объектлари, музей ва театрларга кириш ва қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича 50 фоизгача чегирмалар берилади.

Ҳар йили 1 октябрга қадар I гуруҳ ногиронлиги бўлган саёҳат қилувчи кексалар рўйхати шакллантирилади ва улар учун «Саёҳат барча учун!» хайрия саёҳати лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб йилига бир маротабадан кўп бўлмаган саёҳат ташкил этилади.

Шунингдек, маҳаллий бюджет ва унинг орттириб бажарилган қисмидан ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг турар жойлари таъмирланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотига кўра, республикада ёлғиз кекса ва ногирон одамларнинг сони 16,5 мингдан ортиқ. Уларга 2109 нафар ижтимоий ходим бириктирилган. Пенсионерларнинг сони эса апрель ҳолатига кўра 3,3 миллион кишидан иборат.

2016 йили Ўзбекистон пенсионерлари ассоциацияси кекса ёшдаги одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даволанишларига шароит яратиш бўйича ўз режаларини маълум қилганди. Ушбу ташкилот режаларини амалга оширдими-йўқми, ташкилотни ўзи борми-йўқми ҳозирча бу номаълум.

Куни-кеча ҳукумат жойларда нуронийлар жамоат кенгашини тузиш бўйича қарор қабул қилганди. Кенгашнинг бош вазифаларидан бири — кексаларни қўллаб-қувватлашга доир қонун ижросини таъминлашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатилиши, сиҳатгоҳларда дам олишига доир ишларга кўмаклашиш ва бошқалардан иборат. Шунингдек, кенгашга кексаларга мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш, улар учун зиёрат туризмини уюштириш вазифалари юклатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ