Ўзбекистонда карантиннинг “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб ички туризмни қайта йўлга қўйиш бошланади. Бу республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 май куни имзолаган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг сайти.
Ушбу санадан бошлаб туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўз ишларини бошлашлари мумкин бўлади. Ушбу фармон билан ташқи туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш ҳам кўзда тутилган – биринчи босқичда киришга рухсат этиладиган хавфсиз ва коронавирус муаммосини ҳал қилган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олиш вазифаси қўйилди.
Коронавирус пандемияси туфайли катта молиявий зарарларни бошидан кечираётган туризм соҳасига қатор имтиёзлар тақдим этиладиган бўлди. Туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди. Уларга 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилди.
2021 йил 1 январгача бўлган даврда меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади. Жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.
Туроператорлар ва меҳмонхоналар 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар бўлган даврда Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар олишлари мумкин бўлади. Хусусан, туризм соҳасидаги стартап-лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни қўллаш учун бир ярим миллиард сўм миқдорида пул маблағлари ажратилган.
Янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш кўзда тутилган. 2021 йил 31 декабргача бўлган даврда республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратилади.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар бўйича тақдим этилган имтиёзлар қопланади, Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан эса республикага олиб келинган ва хизмат кўрсатилган (компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлардан ташқари) ҳар бир хорижий турист учун, уларнинг республика ҳудудида камида беш сутка бўлиши шарти билан 15 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот тўловлари қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.
Юқорида тилга олинган имтиёзларнинг бир қисми бундан бир кун олдин туризм бўйича лойиҳалар тақдимоти давомида Мирзиёев томонидан туризмни қайта жонлаштириш устида олиб борилаётган ишлар анонс қилинган пайтда, бошқа қисми ҳақида эса (ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилиш) апрель ойининг бошида эълон қилинган эди.
Ўзбекистон туристлар учун 16 март кунидан бошлаб ёпиб қўйилган эди, мамлакатда 1500 та туроператор, 1200 та меҳмонхона, 250 дан зиёд одамлар ўз ишларини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлдилар. 2019 йилда Ўзбекистонни 6,7 миллион турист зиёрат қилган, экспорт потенциал улуши эса,1,3 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.