Карантинда “зерикиб” қолган ёшлар Амир Темур ёдгорлик ҳайкалига нисбатан беҳурмат муносабатда бўлганлари учун ҳибсга олиндилар

“Карантинда зерикиб кетдик” видеосидан бир лавҳа . Iibb.uz сайти фотосурати

Амир Темур ҳайкалидан коронавирус қачон кетишини сўраб, ўз ҳаракатларини видеога олаётганида карантин қоидаларини бузгани ҳамда майда безорилиги учун Тошкент суди бир қиз ва икки йигитга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади, дея хабар берилади Ўзбекистон Олий судининг Telegram-каналида. Шунингдек, суд ёшлар Амир Темур ҳайкали меъморий ёдгорлиги олдида коронавирус эпидемияси Ўзбекистондан қачон кетиши ҳақида сўраб, Амир Темур шахсига ҳурматсизлик қилган деган хулосага келди.

Ушбу қарор Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий суди томонидан 7 апрель куни қабул қилинган. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг сайтида қайд этилишича, суд мажлисида раислик қилувчи қоидабузар ёшларнининг ҳар бирини 1,115 миллион сўмдан ($116) жаримага тортган.

Бир ёш қиз ва унинг шериклари бўлган икки нафар йигит иштирокидаги бир ярим дақиқали видео 1 апрель куни соат 18.00 да Амир Темур ҳиёбонида тасвирга олинган. Роликни 22 ёшли Камола Мажидова ёзиб олиб “Карантинда зерикиб кетдик” номи остида интернетга жойлаштирган. Тасвирда унинг икки улфати – 26 ёшли Умид Ҳамидов ва 29 ёшли Олмосбек Розиқовлар ҳам кўриниб туришган.

Хавфсизлик ниқобини тақмаган ёш йигит ҳарбий саркардага коронавирус тўғрисидаги савол билан мурожаат қилган. Бундан ташқари, суд видеотасвирда “жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар” мавжуд бўлган, деган хулосага келган.

Ҳамидов одамларнинг кайфиятини кўтармоқчи бўлганини билдирган, Розиқов эса (Олий суддагилар қайд этишича, у олдин ҳам судланган) “кимнингдир устидан кулиш учун қилингани йўқ бу ишлар”, деб айтган, Камола эса видеони тасвирга олаётган пайтда “маскам қўлимда турганди” дея ишонтирмоқчи бўлди. Шунга қарамай, уларнинг учови ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасининг биринчи банди (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида тиббий ниқобларни тақиб юриш 23 мартдан бошлаб мажбурий этиб белгиланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидагилар ниқобларни биринчи навбатда касалланган одамлар тақиб юришлари шарт, соғлом одамларга эса фақат беморларга ёрдам кўрсататган пайтда тақиб юришни тавсия қилдилар. Бироқ касаллик ўз аломатларини деярли намоён этмасдан кечиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганида, тиббий ниқобларни ёппасига тақиб юриш фойдадан ҳоли эмас, дея тан олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ