Ўзбекистонда фаолият юритаётган айрим журналистлар учун сўнгги кунлар жуда ғалвали бўлди. Аввалига «Пахтакор» стадионидаги футбол мухлислари сабаб фотограф касалхонага тушиб қолди, аслида буни тасодиф ва эҳтиётсизлик махсули дейиш мумкин. Аммо бироз кейинроқ пайдо бўлган ўша «Пахтакор»да ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Севимли» телеканали журналистларини калтаклаб, ҳибсга олгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатан дилни хира қилади.
Республика Ички ишлар вазирлиги ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) бу воқеага муносабат билдиришга улгурмаган ҳам эдики, Андижонда милиция ходими маҳаллий журналистнинг шакар тўғрисида материал тайёрлашига қўпол равишда аралашгани хабари тарқалди...
«Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастури сайтида 12 июнь куни «Пахтакор» стадионида телеканал журналистлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтаклангани хабари берилди. Бир неча соат ўтгач, хабар ўчирилди, бироқ унинг нусхаси ижтимоий тармоқларда сақланиб қолди.
«Севимли» телеканали мухбири ва оператори 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё Кубоги чорак финали доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Ироқ ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашувни ёритиш учун етиб келади. Бироқ, аккредитациядан ўтганига қарамай, журналистлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан стадионга киритилмайди. Оператор нима бўлаётганини видеокамерада тасвирга олишни бошлаганини кўргач, унинг йўлланмасини йиртиб ташлаб, ерга улоқтиришади, камерани тортиб олиб, оператор қўлларини қайиришади. Мухбир ҳамкасби ёнини олмоқчи бўлади, лекин унинг ҳам қўлларини қайиришади. Мухбир кўз ўнгида орган ходимлари операторни дубинка билан уриб, тепа бошлайдилар.
Операторнинг сўзларига кўра, унинг кўкрагига икки марта электрошокер билан зарба беришган.
Натижада журналистлар Шайхонтоҳур вилояти ИИБга олиб кетилган. Оператор ўзини ёмон ҳис қилади, мухбир тез ёрдам чақиради ва жабрланувчини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишади.
«Энг қизиғи, содир бўлган барча воқеалардан сўнг милиция ходимлари журналистдан кечирим сўрашган ва бу воқеа ҳақида ортиқча гапирмасликни ва ҳеч қаерга хабар бермасликни талаб қилишган», — дейилади хабарда.
Кейинроқ, Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов футбол ўйинига кира олмаган мухлислар томонидан стадионга кираверишда уюштирилган муштлашув оқибатида телеканал ходими жароҳатлангани ҳақида маълум қилди. Ғиёсовнинг сўзларига кўра, ИИВ ходимлари «безорилик ҳаракатларини тўхтатиб, бир неча фуқароларни вилоят МИБга олиб кетишган» холос. Қўлга олинганлар орасида телеканал ходими ҳам бўлган, унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага юборилган. «Факт бўйича текширув белгиланди, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Айни пайтда, АОКА матбуот вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний аралашув ва уларни обрўсизлантиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни қоралаган баёнот эълон қилди. Агентлик қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан ОАВ вакилларига босим ва касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатига зид эканини эслатиб ўтади.
Агентлик бу борада Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Миллий гвардияга сўровлар юборгани ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан ўтказилаётган ички аудитнинг боришини диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.
Журналистлар ҳимояси баёноти чоп этилиши билан деярли бир вақтда Human.uz сайти раҳбари Хуршид Далиев Андижонда ички ишлар ходими журналист Жавохир Абдуллаевга «Янги бозор»да шакар савдосини суратга олишига тўсқинлик қилганини айтди. Орган ходими суратга олишни ноқонуний деб ҳисоблаган ва журналистнинг мобил қурилмасини олиб қўйган. ИИБ ходимининг ҳаракатлари видеога олингани боис, у журналистдан ёзувларни ўчириб ташлашни талаб қилган.
Шоҳрух Ғиёсов бу хабарга зудлик билан муносабат билдирди. ИИВ матбуот котибининг маълум қилишича, шакар учун навбатда турган фуқаролар суратга олиш жараёнига қарши бўлган ва журналистдан ёзувни ўчиришни талаб қилишган.
Жамоат тартибини бузишнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органи ходими «журналистга фуқароларни уларнинг розилигисиз суратга олиш мумкин эмаслигини тушунтирган», дея қўшимча қилади ИИВ матбуот хизмати раҳбари.
Далиев, ўз навбатида, журналист суратга олишни бошлаши билан милиция ходими телефонни тортиб олганини айтади. Фуқароларнинг ҳеч бири журналистнинг хатти-ҳаракатидан шикоят билан хавфсизлик хизмати ходимига мурожаат қилмаган, аксинча, уларнинг ўзлари шакар танқислиги муаммосини ёритишни сўрашган. Далиевнинг сўзларига кўра, журналистга телефон қайтарилган ва уни қўйиб юборишган.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг эслатишича, журналистнинг суратга олиш пайтида кадрга тушиши мумкин бўлган шахсдан рухсат сўралишини бирорта қонун талаб қилмайди.
Кушербаев Ички ишлар вазирлиги ходимларининг журналистлардан камераларни олиб қўйган ҳаракатларини оқлашни «абсурд ва мантиқсиз» деб ҳисоблайди. Депутат фикрича, бундай услуб ички ишлар тизимига обрў келтирмайди.
Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳуқуқ-тартибот идораларини «Севимли» журналистлари билан боғлиқ вазиятни тартибга солиш ва Human.uz сайтига доир масалага ойдинлик киритиш, шунингдек, журналистлар ҳқуқларини топтамасликка чақирди.
«Журналистлар уюшмасини фаолроқ ҳаракат қилишга чақираман. Агар бу каби институтлар мазкур масалаларда ўзини кўрсатмаса, уларнинг фаолиятини яна қачон ҳам пайқаб олардик», — деб ёзади Алламжонов.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда