Коронавирус тарқалиши хавфи муносабати билан меҳнатсиз иш ҳақи сақланиб қолган ишсизлик ҳафтаси Россияда 30 апрелгача чўзилган эди. Афсуски, иш ҳақининг сақланиши тартиби меҳнат мигрантларининг кўпчилиги учун қўлланилмайди, уларни март ойининг ўрталаридан бошлаб ишдан бўшата бошладилар. “Фарғона” Москвадаги самоизоляция (ўзини яккалатиш) тартиби жорий этилиши муносабати билан пул ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган, аммо турар жой ва патент учун тўлов қилиш зарурати ҳамон мавжуд бўлган ҳолда ҳаёт қандай кечаётгани ҳақида бир неча чет эллик гастарбайтерлар билан суҳбатлашди.
Мигрантларни оммавий ишдан бўшатишлар аввалига умумий овқатланиш (официантлар, ошпазлар, ҳаммоллар ва фаррошлар) ҳамда гўзаллик (сартарошлар ҳамда маникюр мутахассислари) соҳаларида бошланди. Турли қурилиш объектларида ишлаётган мигрантларда ҳозирча иш бор. Шунингдек, курьерлар учун ҳам бугунги кунда ишлар бошидан ошиб кетган, такси ҳайдовчилари одатдагидан озроқ бўлса ҳам, кирага чиқиб туришибди.
Андижонлик Муҳаммад 26 ёшда, у ресторанда официант бўлиб ишлаган. Россияга пул ишлагани илк бор 18 ёшида, отаси билан бирга келган.
—Пулдан қийинчиликларимиз бор эди, ўзим ҳам эртами-кечми барибир Россияга пул ишлагани боришим кераклигини тушунар эдим. Отам билан бирга борсам, кўп нарсаларни ўрганиб олиш имконияти борлини билганман. Аввалига отам армияда хизмат қилган Челябинск шаҳрида ишладик, кейин Тольятига ўтиб кетдик, ваниҳоят Москвага келиб олдик. Бошқалар каби бир неча бор иш жойларимни ва касбларимни ўзгартирдим, станцияда ҳам ишладим, ҳаммоллик, фаррошлик ҳам қилдим. Рус тилини яхши билганим учун менга официант бўлиб ишлашимга ижозат беришди. Бу соҳада мен 2013 йилдан бери ишлайман, — дея ҳикоясини бошлади йигит.
У ишлаган ресторандаги хўррандалар сони 10 мартдан бошлаб камая бошлади. Официантлар учун “ёғлик” кунлардан бири саналган 8 мартда ҳам ресторан залининг ярми ҳам тўлмади. 15 март куни деярли ҳеч ким келмади ва бир неча кун ўтиб, ходимларга сўнгги маошни бердилар ва иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқардилар.
Муҳаммад ўз кучига ишонади, тўплаб қўйган пуллари ҳам бир ярим ойга етади, бундан ташқари, дўстларидан қарз олиш имконияти ҳам бор. Бироқ у тўплаган пуллари деярли йўқ бўлган ватандошлари учун кўпроқ қайғурмоқда.
—Кўпчилик битта хонадонда 5-6 киши бўлиб яшайдилар ва фаррош бўлиб ишлайдилар. Улар ҳозирнинг ўзида пулга қийналиб юришибди, бундан кейин қандай ҳаёт кечиришларини тасаввур ҳам қила олмаяпман. Бизнинг мигрантларимизда шундай одат бор: улар 30-40 минг рубль ишлаб топадиларда, патентга, ётадиган каравотига пулни тўлаб, еб-ичишга 3-4 мингини қолдирадилар ва қолганини уйларига жўнатадилар. Мен бунақа одамларга тез-тез қарз бериб турардим. Ана энди, улар бундан кейин қандай ҳаёт кечирадилар? – дея ўйланиб қолади йигит.
Муҳаммаднинг айтишича, агар у ўзига бирорта иш топа олмай қолса, ватанга қайтиш имкониятини кутиб яшайди. Самоизоляция даврида дам олиб, ижтимоий блогер бўлишга тайёрланмоқда.
—Ҳозирча уйда ўтирибман, сериаллар, кинофильмлар кўраман, видеога олишни бошладим, кўчага чиқиб ватандошларим билан боғлиқ сўровларни ўтказиб, ижтимоий ҳамда сиёсатга алоқадор мавзуларни муҳокама қилмоқчиман. Мисол учун, мигрантлар дабдабали тўй ўтказиш учун 10 йиллаб ишлаши шартми? Шунингдек, ватандошларимнинг кўчадаги хулқи-атвори мени ташвишга солади, ахир бир кишининг хулқига қараб, бутун миллатга баҳо беришлари одатий ҳолку, — дейди Муҳаммад.
“Квартирада у ёқдан бу ёққа юрибман, жонга тегди”
Қирғизистонлик Анзират – қаҳвахона эгаси. Бир ҳафта олдин ўз бизнесини тўхтатишга мажбур бўлди. Бахтига, бинонинг эгаси яхши одам экан, уни пандемия тугагунига қадар ижара пулини тўлашдан озод қилди.
—Квартирамнинг эгаси ҳам яхши аёл экан, олти йилдан бери унинг уйини ижарага олиб келаман, телефонда қўнғироқ қилиб, агар пулим йўқ бўлса, кейин тўлашим мумкинлигини ва умуман олганда, бу борада ташвиш қилмаслигим кераклигини айтди, — дейди Анзират.
Анзират ҳам қўл остида ишлайдиган ўн кишидан зиёд ходимларига енгиллик яратиб, уларга қаҳвахонада яшаб туришга рухсат берди. Айни пайтда бу ерда яшаш учун барча қулайликлар яратиб қўйилди, унда кийим иладиган кабинкалар, чўмилиб олиш учун душ ва ҳатто кир ювадиган мошина ҳам бор.
—Мендаку, тўплаб қўйган пулларим бор, аммо мигрантларнинг орасида кўпчилик ишлаган пулларини қўлга олишлари биланоқ уйларига жўнатадилар. Менинг қўл остимда ишлайдиганлар ҳам шунақа. Ҳозир уларда ҳеч бўлмаса турар жой муаммоси ҳал бўлди, бундан ташқари, мен озиқ-овқат сотиб олдим, бир амаллаб тирикчилигимизни ҳам ўтказамиз , — дейди аёл.
Унинг ўзи бир неча кун уйида ўтирди, кейин бўлса ўзининг чойхонасига келди.
—Икки кунимни квартирамда ўтказдим: куни билан уёққа юрасан, бу ёққа юрасан, ошхонадан, залга, залдан ошхонага, уй кўтариб, ҳаммасини тозалаб чиқдим, дераза ойналарини ювдим, салкам ремонт қилишни бошлаб юборай дедим. Жуда ҳам зерикиб кетдим. Чойхонам бўлса икки қаватлик, ертўласида мусиқанинг жонли ижроси учун алоҳида жой жиҳозланган, мен бўлсам қўшиқ куйлашни жони-дилимдан севаман, шунинг учун ҳам кўп вақтимни ўша ерда ўтказяпман. Бундан ташқари, ходимларимга овқат тайёрлайман, ишқилиб, бекор қолмасликка ҳаракат қиламан, шу йўл билан кризисдан эсон омон чиқиб олишга умид қиламан, — дейди Анзират.
Қирғизистонлик аёл ватандошлари учун ташвишланмоқда.
—Танг аҳволга тушиб қолган одамлар қарзга кириб кетишни бошласалар керак. Майлику, қирғизларга патент учун пул тўлаш зарурати йўқ, аммо ўзбеклар билан тожиклар нима қилишсин? Москвада мигрантлар мурожаат қиладиган жой бўлса, яхши бўларди. Мисол учун, Бишкекда битта машҳур қўшиқчи муҳтожларга кўмак бериш штабини ташкил этган. Унга еб-ичишга ҳеч вақоси қолмаган ёки бирор егулик сотиб олишга ўзлари бора олмайдиган одамлар (ёлғиз кексалар ва ногиронлар) ҳақида маълумотлар бориб туради. Бу маълумотларни у ўзининг Facebook саҳифасида жойлаштириб боради ва ўша одамларга ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, шифокорларга ва милиция ходимларигга иссиқ овқат етказиб берилади. Москвада ҳам шунақанги штаб керак, мен ёрдам беришга тайёрман. Келажак борасидаги ноаниқлик кишининг руҳини ўлдиради, шунинг учун ҳам уйда ўтиргандан кўра олдинги сафларда турган яхши, — дейди Анзират.
«Ҳеч бўлмаганда озиқ-овқат олиб келиб турадику»
Марғилонлик Зокир эндигина 26 ёшни қаршилаганига қарамай, Россияга бешинчи марта келиши. Унинг охирги иш жойи барбершоп (сартарошхона) бўлган.
— 27 март охирги иш кунимиз бўлди. Бизни ишдан бўшатишгани йўқ, қўлимизга март ойи учун маошларимизни бериб, меҳнат таътилига чиқариб юборишди. Гарчи биз қонуний асосда ишлаган бўлсак ҳам, бизга карантин даври учун ҳеч қандай тўловлар белгиланмаган. Энди бўлса, нима қилишни билмай ўтирибмиз, иш ҳам йўқ, чегаралар ҳам ёпилган, — дейди Зокир.
Яна уч нафар йигит билан биргаликда икки хонали квартирани ижарага олишган, унга ҳар ой 35 минг рублдан тўлашга тўғри келади. Тўрттовидан уч киши – у ва унинг бирга ишлаган икки дўсти ишсиз қолган. Дўконда сотувчилик қиладиган йигит ҳозирча ишлаб турибди. Бироқ унинг иш жадвалини ўзгартириб қўйишди, энди у ҳафтасига олти кун эмас, икки кун оралатиб икки кундан ишлаяпти ва шунинг учун ҳам иш ҳақи қисқариб қолган. Бироқ у, дея қайд этади Зокир “квартирага онда-сонда озиқ-овқат олиб келиб туради”.
Зокир сўнгги чартер рейслари билан ватанига кетмаганига афсусланади.
— Бизга 27 март куни сўнгги рейс бўлади, деб айтишганди, бироқ бизда ўша кунга буюртмалар тўлиб кетди. Москваликлар карантин олдидан оммавий равишда сочларини олдиришга қарор қилишди ва биз хўжайиннинг раъйини қайтара олмай, ўша куни ишга чиқишга мажбур бўлдик. Кейинроқ кетармиз, деб умид қилгандик, аммо чегаралар узил-кесил ёпилди.
Самоизоляция даврида йигитлар фойдали машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қилишяпти: улар меъдага тегиб кетган “Доширак” ўрнига ўзларига тузуккина овқатларни тайёрлай бошладилар ва ҳатто газ духовкасида нон ёпишни ҳам ўрганиб олдилар. Сўнги кунларгача дом олдидаги майдончада спорт билан шуғулланиб келишди, аммо бир кун олдин майдонча атрофи тақиқловчи лента билан ўраб қўйилди. Бундан ташқари, сўнгги йиллар давомида илк бор тўйиб-тўйиб ухлаб олишди, аммо уйқуга шунчалик тўйиб кетдиларки, тезроқ ишга қайтсак дея орзиқиб кетишди.
60 ёшли тошкентлик Рашиднинг тарихини меҳнат мигрантлари касаба уюшмасининг раҳбари Ренат Каримов сўзлаб берди.
“Рашид мана ўн йил бўлибдики, Москвада электргазпайвандчи бўлиб ишлайди. Жуда яхши мутахассис, раҳбарлар уни қадрлайдилар. Тошкентда университетни “Фалсафа тарихи” йўналишида тамомлаган. Аввалига мактабда дарс берган, кейин бўлса техникумда. Рус тилида соф гапиради, аммо ўзбекчада акцент билан сўзлашади. Бунинг сабабини у байналмилал маҳаллада ўсиб катта бўлгани билан изоҳлайди, чунки у ерда ҳамма рус тилида сўзлашиб келган. Икки нафар фарзанди, икки набираси бор. Улар Рашиднинг Тошкентдаги квартирасида яшайдилар. Катта оиланинг раҳбари эса Москвада битта хонани ижарага олиб яшаяпти. Самоизоляцияга ҳам анча бўлиб қолди, ишламайди, корхона ёпилган. Тўплаган жамғармасини икки қисмга бўлиб қўйган. Озроғини карантин муддати давомида тирикчиликка сарфламоқчи. Агар захираларини еб тугатса, Тошкентга кетадигган рейсларга ёзилиб қўймоқчи ва иккинчи қисмига уйга кетиш учун чипта сотиб олмоқчи”.
Патент тўлови бекор қилинсин
Душанбелик Алик 24 ёшда, Москвага пул ишлаб олиш мақсадида биринчи март куни, ўзи таъкидлаётганидек, “қайнаб турган жойга” келиб қолган.
— Мен Москвада инфекция юқтириб олганлар сони ўсиб кетиши ортидан шаҳарни ёпиб қўйишларини билмаган эканман. Тўрт ой олдин отам вафот этган, уч ой ўтиб эса ўғлим туғилди. Уйдаги жамғармаларимнинг катта қисмини дафн маросимига сарфладим, бошқа иложим қолмагани важидан пул ишлагани чиқиб кетишга қарор қилдим.
Москвага келган Алик регистрациядан ўтишга (2500 рубль) ва патент расмийлаштиришга (12 750 рубль) тўлаб қўйишга улгурди.
— Бунга қолган пулларимни сарфладим. Россиядаги вазият ёмонлашиб кетди ва мен келганимга афсусландим. Бироқ ортга қайтишга чипта сотиб олиш учун пулим қолмади. 18 кун ўтиб 25 март куни мен патентимни олдим, 26 март куни эса Путин карантин эълон қилди. Мен аҳолига кўмак бериш ва ҳимоя қилишнинг барча чоралари ҳақида ўқиб чиқдим, аммо бу қоидалар фақат москваликлар ва Россия фуқаролари учун қўлланар экан. Мигрантлар учун ҳеч нарса йўқ. Мен мигрантлар ҳимоясига чиқиб, бугунги кунда бизга ҳам кўмак кераклигини айтмоқчиман. Агар мигрантлар ишсиз қолсалар, ундан кейин нима бўлишини билмайман. Биз ҳам солиқ тўлаяпмиз, ҳозир ишсиз ўтирганимизга биз айбдор эмасмиз. Ақалли патент учун тўловларни бекор қилишса бўлардику, — дейди душанбелик Алик.
Аликнинг омади келди, Москвада унинг аммаси (ёки холаси) бор, ҳозир уникида яшаяпти.
— Ҳозирча уйда ўтирибман, ўз устимда ишлаяпман, сериалларни кўриб, китоблар мутолаа қиляпман. Бироқ доим уйда ўтириш эркакларга ярашмайди, боқиманда бўлишни истамайман. Қариндошларимнинг ҳаммаси ишсиз қолишди, ресторанда ишлаган холам ҳам, сартарошлик қилаётган акам ҳам. Холамнинг бўйнида ипотека тўловлари бор, банк томонидан унга тўлов муддатларининг кечиктириб берилиши анча далда бўлди. Бироқ кейин нима бўлади? Афтидан, қарзга пул олиб уйга қайтсам керак, — дея мулоҳаза қилади Алик.
Шуҳрат 39 ёшда, 10 йил муқаддам у Москвага илк бор Ўзбекистоннинг Сирдарё шаҳридан келган. Москвада у телефонлар дастурларини янгилаш ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланади.
— Буюртмаларни мен онлайн тартибда олиб, мижозларнинг уйига ёки офисига борардим. 28 мартдан бери уйда ўтирибман. Бир-иккки марта мижозларнинг олдига боришга уриниб кўрдим, бироқ сўнгги фурсатда улар менга қўнғироқ қилиб, ташрифни карантин тугаганидан кейинга қолдиришимни сўрадилар. Улар ўзлари ёки болаларини инфекция юқтиришдан эҳтиёт қилмоқчи бўлаётганларини айтдилар. Мен уларни тушунаман, уларнинг ўрнида ўзим ҳам шундай қилган бўлардим, — дейди Шуҳрат.
Шуҳратнинг жамғарган пуллари бир ҳафтага етади, бундан кейин нима қилишни билмайман, дейди.
—Инқироз бунчалик даражага чиқиб олишини кутмагандим. Ҳамма мигрантлар 4 апрелдан бошлаб қайтадан ишга чиқа олиш мумкин бўлади, деб ўйлашганди, бироқ карантин муддатини яна бир ойга чўзишди. Ўзбекистонда пулим бўлмаса ҳам тирикчилигим ўтаверади, у ерда бошпанам, уйим бор, патентга пул тўламайман, бу жуда ҳам сезиларли миқдордаги пул. Алам қиладигани эса, биз ҳеч қаерга кета олмаймиз. Мен ҳозироқ ватанга қайтиш учун чипта сотиб олган бўлардим, мен ҳатто у ерда бир ой карантинда ўтиришга розиман. Ҳар қалай, бу ерда ишсиз ўтиргандан шу яхши, — дея хулоса қилди Шуҳрат.
Ўзбекистонлик юрист Азамат ҳозирча ишлаб турибди, у ўз вазифаларини уйда ўтириб ҳам бажара олиши мумкин, аммо у билан бирга ижарада яшайдиган мигрантларнинг аҳволи анчагина мураккаб.
— Ҳозирча етказиб бериш, қурилиш соҳаси ишлаб турибди, жамоатчилик транспорти ҳайдовчиларида ҳам иш бор. Ҳаммадан ҳам умумий овқатланиш тизими кўпроқ азият чекмоқда. Одамларга ҳатто охирги маошларини ҳам тўлаганлари йўқ. Агар бунақанги вазият икки-уч ой давом этадиган бўлса, мигрантлар расмийлардан уйларига жўнатишларини талаб қилишга бошлайдилар. Мамлакатимиз мигрантларни кўчириб кетиш учун чегараларни очиб қўйишига умид қиляпмиз. Иш йўқ, аммо патент учун пул тўлашни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Москвада қолиб, ўлиб кетмаслик учун озгина бўлса ҳам пул керак, — дея қайд этади Азамат.
У олдиндан инқироз чўзилиб кетишини тахмин қилган ва шунинг учун ҳам бироз пул тўплаб қўйган эди. Аммо бу пуллар кўпи билан икки ойга етади. Энди бўлса, уй эгаси ижара тўлови учун чегирма қилиб беришига умид қилиб ўтирибди.
—Биласизми, мен одамларга ҳозирги кунларда патентга тўлов қилмасликни маслаҳат қилган бўлардим. Биз ишсиз ўтирганимиз учун пулларимизни қайтариб беришмайди, лекин егулик ололмай очдан ўлиб кетишингиз мумкин. Иш йўқлигида пулларни овқатга сарфлаган яхши, кейин нима бўлишига Худо пошшо! – дейди юрист Азамат.
Мигрантлар самоизоляцияда нималар билан шуғулланишмоқда, деган саволга у “вақтни Instagram ва YouTube каналида ўтказишмоқда”, деб жавоб берди.
* * *
Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари жуда ҳам мураккаб вазиятга тушиб қолдилар. Россия фуқароларидан фарқли ўлароқ, уларга иш ҳақининг сақланиб қолишига ҳеч ким кафолат бермайди. Аксинча, уларни бирорта ҳам компенсациясиз ёппасига ишдан бўшатмоқдалар. Ҳолбуки, 2018 йилнинг ўзида мигрантлар Москва бюджетининг ўзига 17 миллиард рубль даромад келтиришган. Бу миқдордаги пулни Москва мэри Собяниннинг ўзи ҳам “улкан” деб атаган. Ҳозирги пайтда юзлаб чет эллик фуқаролар даромад манбаларидан айрилиб қолдилар, бироқ ҳар ой 5350 рублдан патентга пул тўлашга мажбурлар. Иш берувчилар ва ижарага жой берувчилар имкон қадар мигрантларнинг аҳволига тушуниб, уларга енгилликлар беряптилар. Ҳукумат ҳам худди шундай йўл тутган ҳолда пандемия даври давомида патент тўловларини бекор қилса бўлмайдими?
Ушбу мақола матни тайёрланаётган пайтда биринчи қаҳрамонимиз Муҳаммад ўзига иш топишга эришди – энди у жадвал бўйича икки кун оралатиб икки кун давомида овқат етказиб беришга буюртма қабул қиляпти.
Екатерина Иващенко
-
16 Ноябрь16.11Қатар олисда қолаверадиМарказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди