Аксарият футбол ишқибозлари Қатарда жаҳон чемпионати бошланишини кутаётган бўлса, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам футбол ҳаёти қизғин паллада. Бугун, ҳеч қаерда ташрифи кутилмаётган Россия терма жамоаси Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар уюштириб, бу ерда илк бор ушбу республикалар терма жамоалари билан ўйнайди. Қолаверса, Қозоғистон терма жамоаси ҳам Тошкентга келади ва ўн беш йиллик танаффусдан сўнг ўзбекистонликлар билан учрашади.
Марказий Осиё дербиси
Қозоғистонлик футболчилар ажойиб форма ва кайфиятда. Жамоа учун, афтидан, халқаро майдонда биринчи марта нимадир содир бўлди: у кутилмаганда Словакия, Озарбайжон ва Белоруссия терма жамоаларини ортда қолдириб, Миллатлар Лигаси гуруҳини тарк этди.
16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Қозоғистон — Ўзбекистон учрашуви принципиал аҳамиятга эга. Гап «қўшничилик рақобати» – минтақанинг икки давлати ўртасида совет давридан бери давом этиб келаётган узоқ муддатли қарама-қаршилик ҳақида бормоқда. Айниқса, 2007 йили Чимкентда ўтказилган жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйин жанжал билан тугаганини эслаш кифоя.
Айтганча, бундан 15 йил муқаддам ўша унутилмас учрашувда майдонга тушган Қозоғистон футболининг энг ҳурматли инсонларидан бири, Қозоғистон терма жамоасининг собиқ дарвозабони Давид Лория «Фарғона»га бўлажак Марказий Осиё жамоаларининг ўзаро бахсларидан нималар кутаётганини айтиб берди.
- Бундан 15 йил олдинги ўйиндан сўнг айтилмай қолган гаплар борми?
- Ўшанда учрашув кескин ўтганди. Биз дуранг ўйнадик, Ўзбекистон терма жамоаси ҳакамлардан норози бўлди. Шундан сўнг улар кўп йиллар ўйнамадилар. Шу сабабданми билмайман, лекин бир нарсани айтишим мумкин: Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасидаги барча ўйинлар доимо кескин курашлар остида ўтган ва бу биз учун ҳам, Ўзбекистон термаси йигитлари учун ҳам принципиал аҳамиятга эга бўлган.
-Бўлажак ўйин сиз учун нимани англатади?
- Йиллар давомида футболимиз қандай ўзгарганини кўриш қизиқ — 2002 йилдан бери Қозоғистон УEФАда, Ўзбекистон Осиё футбол конфедерасиясида ўйнашда давом этмоқда. Жамоалар турли йўллар билан ривожланган. Мен икки мактаб ўртасидаги қарама-қаршиликни кўриб чиқмоқчиман.
-Қандай футболни кутмоқдасиз?
- Томошабин учун қизиқарли ўйин бўлади. Йигитларимиз бу йил Миллатлар лигасида яхши ўйин кўрсатишди, ўзларини ишончли ҳис қилишди ва саралаш ўйинларига ҳозирлик кўришди. Менимча, тайёргарлик Тошкентдаги ўйиндан бошланади. Жамоамиз учун рақиб қизиқ.
- Ўзбекистонлик футболчиларни кузатиб борганмисиз?
- Ўзбекистон терма жамоаси умуман кучли. Игорь Сергеев Қозоғистон чемпионатида яхши ўйнайди ва терма жамоа ҳимоясидагиларнинг ярмини билади — булар унинг жамоадошларидир. Албатта, юқори савияда ўйнаётган Элдор Шомуродовни барчамиз яхши биламиз. Иккала жамоа ҳам бир-бирига қандай қарши туришни билади.
- Қандай натижа кутяпсиз?
- Мен ҳеч нарсани башорат қилмайман. Жамоамиз кимга қарши ўйнаса, мен ўзимизникиларни қўллайман. Бу бизнинг мамлакатимиз.
Сариқ-кўк ранг «Пахтакор»да
Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистонга қарши ўйин билан чекланиб қолмай, 20 ноябрь куни россияликларга қарши майдонга тушади. Демак, ўзбекистонлик мухлислар тўрт кун ичида Европа жамоаларига қарши бирданига иккита ўйинни кўришади.
Руслар билан ўйин бирдан режалаштирилган эди. Умуман олганда, бугунги кунда Россия футбол иттифоқининг танлови катта эмас. Бунга Россия Федерациясининг Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияси бошланганидан кейин ФИФА ва УEФА томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар сабаб бўлмоқда. Ўртоқлик ўйинларига тааллуқли бўлмаган санкциялардан ташқари, дунёнинг кўплаб мамлакатларида Россияга нисбатан инсонийлик масаласидаги муносабат ҳам мавжуд. Айнан шу сабабдан Босния терма жамоаси Россия термаси билан учрашишдан бош тортди. Кейин Эрон билан бўлажак ўйин бузилди, бу ерда эронликлар жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришаётгани баҳонасини қилишди.
Бироқ, Ўзбекистон бугунги Россия учун ихтиёрий рақиблардан эмас. Ўзбекистон матбуотига кўра, учрашув ўтказиш қарори «кучли сиёсий босим» остида қабул қилинган. Ким томонидан ва кимга босим ўтказилгани айтилмаган.
«Фарғона» нашри футбол менежери, Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси аъзоси, спорт эксперти Алишер Никимбаев билан ўзбек ва қозоғистонликлар ҳамда россияликларнинг учрашувлари ҳақида суҳбатлашди.
- Россия терма жамоасига қарши ўйин ўзбек футболи ва мухлислари учун нимани англатади?
- Бу катта воқеа. Биз 30 йилдан бери бу даражада ўйнамаган эдик. Бу ўйин Россиянинг Ўзбекистон билан ўйнашга иштиёқи борлиги учун эмаслигини ҳамма тушуниб турибди. Унинг бошқа борадиган жойи йўқ. Шунга қарамай, тарихий алоқаларни ҳисобга олсак, бу учрашувнинг аҳамияти анча юқори.
- Ўзбекистон учун Қозоғистон ва Россияга қарши ўйинлар бирдек муҳимми?
- Менимча. Россия жамоасининг мақоми юқорироқ. Бошқа томондан, Қозоғистон терма жамоаси билан ўйинда бошқа мақсадли аудитория – Туркистон бирлиги, туркий ришталарга кўпроқ эътибор қаратган одамлар бўлиши мумкин. Россия кўпроқ СССРга ишора қилади. Бу бошқа авлод мухлислари, улар бу учрашувни бошқача қабул қилишади. Спорт нуқтаи назаридан Россия билан ўйин муҳимроқ. Россия асосий таркиби билан келмаслиги аниқ, аммо барибир жамоа етарлича кучли.
- Ўйиндан нимани кутиш мумкин?
-Аниқ бир нарсани кутиш қийин. Мен учун бу ўйинлар ҳеч нарсани ҳал қилмайди ва ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Булар Ўзбекистон ва Қозоғистон учун мавсум сўнггида, россиялик футболчилар учун оғир йил якунидаги ўртоқлик учрашувларидир. Демак, ўйинчилардан ҳеч қандай шафқатсиз ҳис-туйғуларни кутмаганидек, сифатли ўйин кутиш мумкин эмас. Балки ўзбеклар руслардан кўра кўпроқ иштиёқли бўлар, фақат ўзларини ўйинда кўрсатиш учун.
- Баъзи ўзбекистонликлар Россияга қарши ўйинни бойкот қилишни таклиф қилишди, токи россияликлар ўйин давомида «Пахтакор» стадиони трибуналарининг сариқ ва кўк рангларини кўришлари учун. Бундай ҳаракатлар қанчалик мақбул?
- Ҳар қандай акциялар ўринли. Ҳар бир инсон ўз позициясини билдириш ҳуқуқига эга, агар бу бошқа шахсга зарар етказмаса. Учрашувни бойкот қилишда қандайдир мантиқ бўлиши ҳам мумкин. Россия терма жамоаси Марказий Осиёдан бўлмаган рақиблар билан ўйинлар ташкил этишда муайян муаммоларга дуч келаётгани бежиз эмас. Улар, масалан, Босния билан келишувга эриша олмаганлари ажабланарли эмас. Эҳтимол, дунёда қандайдир тенденция мавжуддир. Ва ҳар доим ҳам футболчиларнинг ўзлари буни хоҳламагани учун эмас, балки мухлислар ҳам руслар билан учрашувларга қаршидирлар. Демак, ўша мухлислар гуруҳини тушуниш мумкин.
- Россия терма жамоаси ва «Ростов» мураббийси Валерий Карпин ва унинг ҳам Тошкентга келадиган футболчилари деярли ҳар куни шундай рангдаги трибуналарни кўришади. Бу уларнинг табиий ранглари.
- Кўпчиликда сариқ-кўк ранглар мавжуд. Ҳозиргача бу рангларнинг комбинацияси Россияда тақиқланмаган, аммо бу баъзи одамларни безовта қилади. Масалан, трансляция пайтида сариқ ва кўк ранглар борлиги учун улар Испания чемпионати ўйинларини Россия телеканалларида кўрсатишни ёқтиришмайди.
Тожиклар учун имконият
Тожикистонда ҳам Россия терма жамоасини кутишяпти. Учрашув 17 ноябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади. Бу жамоаларнинг тарихдаги илк учрашуви бўлдиi.Toжикистонликлар ҳаракатда ва ажойиб кайфиятда. Янги мураббий хорватиялик мутахассис Петер Сергт тожикистонликларни Осиё Кубоги – 2023 га олиб чиқди, шунингдек Тожикистон терма жамоаси Европа термалари билан ҳам камдан-кам учрашади. Россия бундай имкониятни тақдим этди.
Футбол менежери, KT Agency раҳбари Кова Тилавпур «Фарғона» мухбирига Тожикистон — Россия учрашувидан нималарни кутаётгани ҳақида гапирди.
- Россия терма жамоасига қарши ўйин тожикистонликларга нимаси билан муҳим?
-Бу ўйин ҳақиқий сюрприз бўлди. Россия илк бор Тожикистон билан ўйнайди. Албатта, Россия терма жамоаси Тожикистон термасидан яхшироқ таркибда ва рейтингда юқорироқ, аммо бу йил жамоа деярли ўйнамади. У фақат битта ўйин ўтказди — Қирғизистон терма жамоасига қарши ва унда руслар ўта ишончсиз кўринди. Ўз навбатида, тожикистонлик футболчилар мунтазам ва жуда муваффақиятли ўйнашмоқда, терма жамоанинг Осиё Кубоги — 2023 йўлланмасини қўлга киритганини эслаш кифоя.
- Таркиби қандай?
- Терма жамоа бош мураббийи Россия билан ўйинга бир қанча тажрибали футболчиларни таклиф қилмади, жумладан, Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси сардори Даврон Эргашев, «Хўжанд» тўпурари Жаҳонгир Эргашев. Чет элда тўп сураётган ёш ҳужумчиларни олайлик, уларнинг бирортаси ҳам мамлакат миллий терма жамоасида гол ура олмаган. Айни вақтда Россия ёшлар терма жамоасида тўп сурган Алишер Жалилов ва Парвиз Умарбоев ҳам бор. Улар ўзларини кўрсатиши мумкин. Ўйлайманки, учрашув ҳар икки жамоа учун фойдали бўлади.
- Ушбу учрашув тожикистонлик футболчиларнинг Россия клублари эътиборини жалб қилишга ёрдам бера оладими?
- Албатта. Шу кунгача Россия чемпионатида бирорта ҳам тожикистонлик футболчи ўйнамаган. Ўйлайманки, ушбу ўйиндан кейин тожикистонлик футболчиларга бўлган қизиқиш анча ортади. Футболчилар ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Мотивация жуда юқори.
-Қандай ўйин кутиш мумкин?
— Ўйлайманки, Тожикистон ҳимояда футбол ўйнайди. Лекин кўрамиз. Масалан, Россия Қирғизистонга нисбатан ёмон ўйнашини кутмагандим. Уларда мотивация йўқдек. Шунингдек, тактикада ҳам муаммолар кўринди. Тўпни ушлаб туришолмади.
- Ўйин мухлислар учун қизиқарли бўлармикан?
— Ўйлайманки, стадион одамларга тўла бўлади. Тожикистонлик мухлислар кучли жамоаларга қарши ўйинларни интиқлик билан кутишмоқда. Яқинда Россия футзал терма жамоаси Тожикистонга келди. Трибуналар одамларга тўла бўлди. Катта футболни томоша қилиш учун бутун мамлакатдан мухлислар келади.
-
14 Август14.08Футболда миллат тушунчаси бўлмайдиАндрей Канчельскис — «Тобол» ва марказий осиёлик ўйинчилар ҳақида
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
09 Июнь09.06Болалар ва президент учунМарказий Осиё терма жамоалари Осиё Кубоги саралаш босқичини бошлади
-
08 Апрель08.04«Жамғарган пулларим бир ҳафтага етади, холос»Москвада қолиб кетган меҳнат мигрантлари самоизоляция ва карантинни қандай ўтказишаётгани ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда